Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
“Artemis II” — инсоният яна Ой сари…

50 йиллик танаффусдан сўнг тўрт нафар астронавт Ойга йўл олди ва бу миссия янги космик даврнинг бошланиши сифатида баҳоланмоқда. Гап шундаки, яқинда “NASA”нинг улкан ракетаcи Флоридадан космосга муваффақиятли учирилди, экипаж таркибида уч америкалик ва бир канадалик бор. Парвоз тахминан 10 кун давом этади ва у Ойга қўниш режасига тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Илк дақиқалардаёқ экипаж аъзолари коинотдан Ойни кузатиб, миссиянинг муваффақиятли бошланганини тасдиқлади.Лойиҳа келажакда табиий йўлдошда доимий база ва тадқиқотларга замин яратишни мақсад қилган. Шу билан бирга, бу ҳаракат Хитой билан космик рақобат фонида АҚШнинг етакчилик позициясини сақлаб қолишга қаратилган муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.
Эрон Исроилга яна ракета учирди

Эрон Исроилга сўнгги уч ҳафтадаги энг йирик ракетавий ҳужумни амалга оширди, марказий ҳудудларда ҳаво ҳужуми сигналлари бир неча бор янгради. Хорижий манбаларда ёзилишича, Теҳрон бир вақтнинг ўзида ўнга яқин баллистик ракета учирган. Айрим ўқ-дорилар кластер турига мансуб бўлиб, портламай қолган қисмлари аҳоли учун қўшимча хавф туғдирмоқда.
Шу билан бирга, можаро геосиёсий ва иқтисодий босимни кучайтирмоқда. Ҳурмуз бўғози ёпиқ ҳолда қолмоқда, бу эса нефть ва газ бозорларида беқарорликни оширди. АҚШ ва Эрон ўртасидаги баёнотлар зиддиятли бўлиб, бир томон яқинлашувни айтса, иккинчи томон музокаралар мавжуд эмаслигини таъкидламоқда.
Макрон: Европа барқарор ва ишончли шерик

Франция президенти Эммануэль Макрон Японияга ташрифи чоғида Европанинг барқарор сиёсатини таъкидлаб, айрим давлатларнинг кескин ва олдиндан огоҳлантирмасдан қарор қабул қилишини танқид қилди. У бу орқали АҚШ сиёсатига ишора қилди, айниқса Эрон низоси давомида Франциянинг ҳарбий операцияларда иштирок этмагани бўйича Вашингтон танқидига жавоб берди. Макрон Европа секин ҳаракат қилиши мумкинлигини тан олди, аммо унинг ишончли позицияси глобал беқарорлик шароитида устунлик эканини қайд этди.
Токио музокараларида Макрон ва Япония бош вазири Санaэ Такаичи энергия инқирози ва Ҳурмуз бўғози хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Икки давлат стратегик хомашё ва мудофаа соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Япониянинг нефть импортида Яқин Шарққа боғлиқлиги бу ҳамкорликни янада муҳим қилаётгани таъкидланди.
Швейцария “Patriot” харидидан воз кечиши мумкин

Швейцария АҚШдан сотиб олиш режалаштирилган “Patriot” ҳаво мудофаа тизимларини бекор қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Мамлакат мудофаа вазири Мартин Пфистерга кўра, етказиб беришдаги жиддий кечикишлар сабаб бу масала кун тартибига чиққан. Ҳукумат тўловларни вақтинча тўхтатган ва янги етказиб бериш муддатлари аниқ белгиланмагунча маблағ ажратмасликка қарор қилган. Илгари 2022 йилда бешта тизимга буюртма берилган бўлиб, уларни 2028 йилгача қабул қилиш режалаштирилган эди.
Кечикишлар Қўшма Штатларнинг Украинага ҳарбий ёрдамни устувор қўйиши билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, Вашингтон Швейцариянинг бошқа мудофаа дастурлари учун ажратилган маблағлардан фойдалангани ҳақида маълумотлар ҳам баҳсларга сабаб бўлди. Расмийлар барча эҳтимолий сценарийларни кўриб чиқмоқда ва якуний қарор жорий йил ёзигача қабул қилиниши кутилмоқда.
Ғарбий соҳилда оммавий иш ташлаш…

Ғарбий соҳилдаги шаҳарларда дўконлар ва давлат муассасалари ёпилиб, Исроил қабул қилган янги қонунга қарши умумий иш ташлаш ўтказилди. Ҳужжатга кўра, ҳалокатли ҳужумларда айбдор деб топилган фаластинликлар учун ўлим жазоси асосий жазо сифатида белгиланган, бу эса кенг норозиликка сабаб бўлди. Ҳеврон, Рамаллоҳ ва Наблус каби шаҳарларда савдо марказлари, бозорлар ва таълим муассасалари ҳам ёпилди.
Танқидчилар бу қарорни адолатсиз ва камситувчи деб баҳолаб, уни бекор қилишни талаб қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, қонун амалда фаластинликлар учун алоҳида ва қаттиқроқ ҳуқуқий тизим яратади. Бу орқали минтақадаги кескинлик янада кучайиб, ижтимоий норозилик кенгайиши мумкин.
ЕИ: Венгрия ветоси олиб ташланса, Украинага маблағ тез ажратилади

Европа Иттифоқи Украина учун ажратилган 90 миллиард евролик молиявий пакет бўйича биринчи тўловни амалга оширишга тайёр, аммо бу Венгрия ветосига боғлиқ ҳолда қолмоқда. Брюссель техник ва ҳуқуқий жараёнларни аллақачон тайёрлаб қўйган ва тўсиқ бартараф этилса, маблағ бир неча кун ичида ўтказилиши мумкин. Айни пайтда бу баҳс “Дружба” нефть қувури атрофидаги келишмовчилик билан боғлиқ бўлиб, қарор Венгриядаги сайловдан кейин ҳал бўлиши кутилмоқда.
Кечикиш Украина иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдирмоқда, чунки ташқи молиявий ёрдам май ойига бориб камайиб кетиши мумкин. ЕИ расмийлари барча сценарийларни кўриб чиқмоқда, жумладан альтернатив вариант сифатида Россия активларидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама марказида турибди. Агар тўсиқ бартараф этилмаса, Киев давлат харажатларини қисқартиришга мажбур бўлиши мумкин, бу эса уруш шароитида янада оғир оқибатларга олиб келади.
Мигрантлар фожиаси: Италия ва Туркия соҳилларида ўнлаб қурбонлар

Италия ва Туркия соҳиллари яқинида кема ҳалокати сабаб ўнлаб мигрантлар ҳалок бўлди. Лампедуза ороли атрофида 19 кишининг жасади топилди, яна бир неча киши оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди. Қурбонлар совуқ ва оғир об-ҳаво шароити сабаб ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда, ушбу ҳудуд Африкадан Европага ўтишдаги энг хавфли йўллардан бири ҳисобланади.
Куни кеча Эгей денгизида Афғонистон фуқароларини олиб кетаётган қайиқ ағдарилиб, йигирмага яқин киши ҳаётдан кўз юмди. Қайиқ соҳил қўриқчилари талабига бўйсунмай тезликда ҳаракатланган ва қаттиқ тўлқинлар туфайли назоратдан чиққан. Йил бошидан буён Ўрта ер денгизида юзлаб одам ҳалок бўлгани миграция инқирозининг ҳали ҳам долзарблигини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА