
-
Президент Жапаров: Хитой – Қирғизистон алоқалари ривожланмоқда
– Хитой билан барча соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир, – деди Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров 4-7 Хитойга ташрифи олдидан Синьхуа агентлигига берган интервьюсида. – Мамлакатларимиз муносабатини янада ривожлантиришга тўсқинлик қиладиган асосли ёки баҳсли масала йўқ.

Давлат раҳбари 2024 йил ўзаро товар айирбошлаш рекорд даражага, 22,7 миллиард долларга етгани, асосий қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади.
– Хитой модернизацияси жадаллашуви, шубҳасиз, Қирғизистон ва бутун Марказий Осиё учун янги имкониятлар яратади, – деди у.
Россия БМТ ХК Украина бўйича йиғилиш ўтказишини хоҳламоқда

РФ февраль ойи ўрталарида Украина инқирози бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилишини сўрамоқчи, деди Россиянинг ушбу ташкилотдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский “РИА Новости”га.
Аввалроқ Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Фу Конг бир неча давлат ХК Украина бўйича йиғилишини сўрагани ва бу идора раиси сифатида мажлис шу ой ўтказилиши таъминланишини маълум қилган.
Хитойлик ишлаб чиқарувчилар АҚШ тарифини четлаб ўтади

Хитой компаниялари ишлаб чиқаришни бошқа мамлакатларга кўчириш орқали АҚШ тарифини четлаб ўтишни режалаштирмоқда, деб ёзди “Financial Times” хитойлик тадбиркорларга таяниб.
– Хитойлик ишлаб чиқарувчилар АҚШ божини четлаб ўтиш учун ишлаб чиқаришни бошқа мамлакатларга кўчириш суръати тезлаштирилишини айтмоқда, – деб ёзган нашр.
Аввалроқ Президент Дональд Трамп Канада, Мексика ва Хитойдан олиб келинаётган товарларга бож жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Япония Украинага 30 та йўл танламас ва кичик юк машинаси юборади

Япония мудофаа вазири Ген Накатани сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида кун чиқар юрт Украинага қўшимча 30 та йўл танламас ва енгил юк машинаси юборилишини маълум қилди.
– Умид қиламанки, бу Украина учун фойдали бўлади, – дея мулозимнинг сўзларидан иқтибос келтирган “Киодо” агентлиги.
2024 йил июнга қадар Япония Украина мудофаа кучларига 101 та машина тақдим этган.
Накатани ўтган йил октябрида украиналик ҳамкасби Рустем Умеров билан учрашиб, қўшимча ёрдам кўрсатилишини билдирган. Кўмакнинг олтита митти юк машинасидан иборат биринчи тўплами якшанба куни Киевга юборилган.
Ҳиндистон Бош вазири Трамп билан учрашиш учун таклиф олди

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модига келаси ҳафта Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиш таклифи юборилди, дея хабар тарқатди “Блумберг” Оқ уй расмийсига таяниб.
Аввалроқ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рандҳир Жайсвал Нью-Деҳли ва Вашингтон Модининг АҚШга ташрифи устида иш олиб борилаётгани, сана белгиланаётгани ҳақида гапирган эди.
Эрдоған яқинда Сурияга боради

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғон 1 март куни бошланадиган мусулмонлар учун муқаддас ой арафасида Сурияга ташриф буюради, деб хабар тарқатди ҳукуматга яқин “Туркия” газетаси.
4 февраль куни муваққат ҳукумат Президенти Аҳмад Ал-Шараъ Туркияга келган.
Нашр маълумотига кўра, ушбу араб давлати етакчиси ҳамкасбини расман Дамашққа таклиф қилади ва Рамазон олдидан жавоб ташрифи амалга оширилади.
Калласнинг Украина бўйича баёноти

Украина Европанинг устувор йўналишига айланиши керак, деди Европа Иттифоқининг дипломатия бўйича раҳбари Кажа Каллас Брюсселда ЕИ элчилари йиллик конференциясида сўзлаган нутқида.
– Биз аллақачон 134 миллиард евро, жумладан, деярли 50 миллиард евролик ҳарбий ёрдам кўрсатдик, – деди у. – ЕИ Киевга кўмак камайиши ҳақида гапирмаслиги, аксинча Украинага йўналтириладиган маблағни ошириши керак.
Россия – Озарбайжон чегарасида полиция постлари ўрнатилди

Озарбайжон ИИВ террорчиларни аниқлаш бўйича олиб борилаётган амалиёт доирасида Россия билан чегарадош тўққиз туманда полиция постлари ўрнатди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати баёнот берган.
– Губа, Гусар, Хачмаз, Балакен, Загатала, Гах, Шеки, Ўғуз ва Габалада олиб борилаётган амалиёт муносабати билан тегишли жойларда милиция постлари ташкил этилди, – дейилган хабарда.
Эртадан бошлаб “Чегара-қалқон” коди берилган чегарадош ҳудудларда кенг қамровли тезкор-қидирув ва профилактика тадбирлари ўтказилади. Амалиёт икки давлат ИИВ раҳбарлари ўртасида эришилган келишувга мувофиқ амалга оширилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА