Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Зимбабве Президентининг вертолёти ҳалокатга учради
Зимбабве Президенти Эммерсон Мнангагва учиши керак бўлган вертолёт якшанба куни қулаб тушган. Учоқда давлат раҳбари бўлмаган, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ҳам йўқ. Маҳаллий телеканал бу ҳақда мамлакат ахборот вазири Женфан Мусвере баёнотига таяниб маълум қилган.
– Мамлакат етакчиси миллий байрамга бағишланган тантанали маросимда иштирок этгандан кейин ҳалокатга учраган вертолётда Президент бўлмаган, фақат экипаж аъзолари учган, улар ҳам омон қолган, – дейилади хабарда.
Воқеа юзасидан текширув бошланган, натижаси маълум қилинади.
Нигерияда қароқчилар ҳужум қилган кемадан 20 нафар йўловчи озод қилинди
Маҳаллий “Punch” газетаси ёзишича, Нигерия ҳарбий-денгиз кучлари қароқчилар ҳужумига учраган кеманинг 20 нафар йўловчисини қутқарди.
Порт-Харкорт – Бонни денгиз йўналишида сузаётган кемадан озод қилинган йўловчилар орасида аёллар ва болалар ҳам бор эди.
– Олиб борилган разведка ишлари айрим операторлар кемага ҳужум ташкил этиш учун қароқчилар билан ҳамкорлик қилган бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқда, – деб ёзган нашр.
Гувоҳлар таъкидлашича, операторлар кема йўловчилар билан тўлгандан кейин ярим йўлда, гўё, мотор бузилиб қолганини айтиб, кемани секинлаштиради ва тўхтатади. Шу вақт қароқчилар ҳужум қилади ва йўловчиларни гаровга олиб, пул талаб қилади. Жиноятчилар қутқарилганлар билан шундай йўл тутган.
Европада қидирилаётган ашаддий жиноятчи Мадридда қўлга олинди
Испания миллий полицияси Мадридда гиёҳванд моддалар савдосида айбланган, Европада энг кўп қидирилган жиноятчилардан бирини қўлга олди. Ушбу маълумот қироллик ички ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган.
Қўлга олинган шахс оила аъзолари ҳамда яқин шериклари билан бирга йирик жиноий ташкилотни бошқарган.
Бельгиялик, келиб чиқиши албан эркак гиёҳванд моддалар савдоси, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби 13 та айблов бўйича 29 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
У қидирувда пайти Бельгияда наша етиштириш ва қора дори савдоси билан шуғулланган жиноий ташкилотга раҳбарлик қилиб келган.
АҚШ Нигердан қўшинини олиб чиқиб бўлди
АҚШ Нигердан қўшинларини олиб чиқишни якунлади, деб маълум қилди АҚШнинг Африка қўмондонлиги.
19 майда бошланган жараён 15 сентябргача давом этди.
Германияда шифокорлар иш ташлаш эълон қилди
Германияда “Марбург иттифоқи” шифокорлари касаба уюшмаси мамлакат бўйлаб огоҳлантирувчи иш ташлаш эълон қилинганини билдирди.
“Бугун бир неча минг шифокор шаҳар касалхоналарида ишлашни тўхтатди, биргина Франкфурт-Майнда уч мингга яқин ишчи вазифасини бажаришдан тўхтади, деб ёзилган уюшма расмий сайтида.
Дрезден, Потсдам, Вольфсбург, Люнебург, Ольденбург ва Мюнстердаги минтақавий митингларда яна бир неча юз киши иштирок этган. Умуман, Шифокорларнинг Марбург касаба уюшмаси Германия бўйлаб 60 000 га яқин тиббиёт ходимини огоҳлантирувчи иш ташлашга чақирди. Акция касаба уюшмаси ва Муниципал иш берувчилар уюшмаси ўртасидаги музокара асносида ўтказилади. Касаба уюшмаси талаблари орасида, жумладан, йиллик иш ҳақини 8,5 фоиз ошириш ва сменада ишлаш қоидаларини ислоҳ қилиш ҳам бор.
АҚШда янги зарбдор атом сув ости кемаси фойдаланишга топширилди
“Fox News” телеканали АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари “Виржиния” синфидаги янги “USS New Jersey” атом сув ости кемаси сувга туширилганини ёзди.
Субмариннинг узунлиги 115 метрга етади. Кема 250 метр чуқурликка туша олади ва тезлигини соатига 25 узел (46 300 метр/соат)га чиқара олади.
Эрон пойтахтини кўчириш учун
Форс кўрфази яқинидаги шаҳарлар кўриб чиқилади
Эрон ҳукумати пойтахтни Теҳрондан кўчириш учун Форс кўрфази яқинидаги шаҳар марказларини кўриб чиқади, деди матбуот анжуманида Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён. Аввалроқ Эрон раҳбари иқтисодий ва экологик сабабларга кўра, пойтахтни кўчириш зарурлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон мамлакат пойтахти сифатида ечимини топиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келмоқда. Шу сабабли ҳукумат пойтахтни бошқа жойга кўчириш керак, деб ҳисоблайди.
С.Раҳимов,
ЎзА