Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Етакчи давлатлар Яқин Шарқ бўйича қўшма баёнот қабул қилди
АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия Яқин Шарқ бўйича қўшма баёнот эълон қилди. Оқ уй сайтида эълон қилинган ҳужжатда ушбу мамлакатлар етакчилари минтақадаги вазиятни муҳокама қилгани таъкидланиб, кескинликни юмшатиш, ўт очишни тўхтатиш ҳамда Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракат тўлиқ қўллаб-қувватланиши қайд этилган.
Шунингдек, АҚШ, Миср ва Қатар раҳбарларининг имкон қадар тезроқ келишувга эришиш мақсадида шу ҳафта охирида музокарани давом эттириш тўғрисидаги қўшма чақириғи маъқулланиб, барча томонлар ўз мажбуриятини бажариши кераклиги таъкидланган.
Баёнотда Исроилга эҳтимолий ҳужум таҳдидидан хавотир билдирилиб, Эрон айни режадан воз кечишга чақирилган. Агар бундай ҳужум содир бўлса, минтақавий хавфсизликка жиддий хавф туғилиши айтилган.
Зеленский Курск тўғрисида илк бор очиқ гапирди
Украина Президенти Владимир Зеленский Курск вилоятига ҳужум тўғрисида илк бор очиқ сўзлади.
У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қўшин қўмондони Сирскийнинг ҳисоботини эшитаётган пайти олинган видео лавҳани улашган. Тасвирда Сирский Қуролли кучлар бош қўмондонига Украина қўшини Курск вилоятининг 1000 квадрат километр ҳудудини назорат қилиб тургани ҳақида гапирган. Мамлакат етакчиси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига амалиёт ўтказилаётган ҳудуд учун гуманитар режа тайёрлашга кўрсатма берган.
6 август куни Украина РФ Курск вилоятига ҳужум бошлади. Эртаси куни минтақада фавқулодда ҳолат тартиби ўрнатилди. Ғарб оммавий ахборот воситалари бу воқеани Украина 2022 йил февралдан буён Россияга қарши уюштирган энг йирик ҳужум сифатида баҳоламоқда.
Туркияда “Telegram” тақиқланиши мумкин
Туркия “Telegram” ижтимоий тармоғи тақиқланиши мумкин. Дастлабки маълумотга қараганда, бунга гиёҳванд моддалар савдоси, фоҳишабозлик ва қимор ўйинлари тарғиб қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар аниқлангани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бу хабарни “Sabah” газетаси ҳукумат тузилмалари маълумотига таяниб ёзган.
2 август куни ҳукумат “Instagram” ижтимоий тармоғини ҳам тақиқлаган эди. Шанба куни Транспорт ва инфратузилмалар вазири Абдулқодир Ўрол ўғли “Meta” билан олиб борилган музокара ва компания томони берган ваъда натижасида мазкур ижтимоий тармоққа кириш яна очилганини маълум қилди.
“Telegram” хабар алмашиш иловалари туфайли Туркияда кенг тарқалган. Сўнгги пайт мамлакатда ушбу тармоқ “жиноий ботқоққа айланган”и хусусида кўп гапириляпти. “Telegram”да очилган каналлар орқали гиёҳванд моддалар очиқчасига сотилмоқда, фоҳишабозлик, қимор ўйинларини тарғиб қилувчи видеолар намойиш қилинмоқда.
АҚШ Эрон ва Россия ҳамкорлигидан хавотирда
АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Ведант Патель ҳар кунги ўтказиладиган матбуот анжуманида Оқ уй Эроннинг Россияга юзлаб баллистик ракета сотмоқчи бўлаётгани ҳақида тарқалган хабарлардан хавотир билдирган.
– Биз Эрон билан Россия муносабати чуқурлашиб бораётганидан хавотирдамиз, – деди у. – Ушбу ҳаморлик Европа хавфсизлигига таҳдид солади. Ҳозирги вазият Эрон кучлари бузғунчи куч сифатида Яқин Шарқ чегарасидан ташқарига чиқаётганига ишора бермоқда.
Хитойда олти киши яшин уришидан вафот этди
Хитойнинг Цзяньсу вилояти Чанчжоу округи иқтисодий ривожланиш ҳудуди маъмурияти маълум қилишича, ҳудудда яшин чақнаб, олти нафар инсон ҳалок бўлган, 10 киши жабрланган.
Якшанба куни Хэншаньцяо шаҳрида кучли жала қуйиб, чақмоқ Фанмаошань боғидаги айвонга урилган. Натижада бино қулаб, ёмғирдан паналаб ўтирган одамлар устига тушган.
Ҳодиса жойидаги 16 кишининг олти нафари жиддий жароҳат таъсирида ҳаётдан кўз юмган, қолганлари яраланган.
Собиқ элчи: Украина АҚШ учун устувор масала бўлиб қолади
Президент сайлови натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, Украина АҚШ учун муҳим давлат. АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Жон Салливан айнан шундай фикрда.
– Президент Трамп бўладими ёки Харрис, янги маъмурият қандай сиёсат олиб бормасин, Украинадаги вазият АҚШ учун устувор бўлиб қолаверади, – деди у CNN телеканалига берган интервьюсида.
Тайвань гипер товушли ракета ишлаб чиқармоқчи
“Taipei Times” Тайвань Мудофаа вазирлиги маълумотига таяниб ёзишича, орол гипер товушли ракета яратиш режасини эълон қилган.
Қуролли кучларнинг узоқ масофага уча оладиган қурилма ишлаб чиқиш дастури Хитойни тийиб туриш мақсадини кўзлайди.
Таъкидланишича, уч йил давомида амалга оширилиши назарда тутилган бу ишга Чжуншань фан ва технологиялар институти (NCSIST) бош-қош бўлади.
Тайвань Мудофаа вазирлиги қуролланиш бюроси тузилмаси таркибидаги мазкур илмий муассаса янги қурол-яроқ кашф этиш, турли аслаҳа ва технологиялар тизимига хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
С.Раҳимов, ЎзА