Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШнинг Ироқдаги авиабазаси ҳужумга учради
Пентагон расмий вакили “РИА Новости”га маълум қилишича, АҚШнинг Ироқдаги авиация базасига уюштирилган ҳужум натижасида бир неча ҳарбий жароҳатланган.
Ироқ ОАВ тарқатган хабарга қараганда, объектга камида икки ракета билан зарба берилган, тўп юк машинасидан учирилган.
Оқ уй матбуот хизмати воқеадан Президент Жо Байден ва вице-президент Камала Харрис хабардор қилингани ва Яқин Шарқдаги америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари муҳокама қилингани ҳақида ёзган.
Кейинроқ “Axios” портали Пентагон Яқин шарқдаги қўшинларига яқин кунларда яна ҳужум бўлишини кутаётганини тахмин қилди.
Арманистон КХШТ машғулотида иштирок этмайди
Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 3-15 сентябрь кунлари ўтказиладиган “Биргаликда ҳаракат-2024” Қўмондонлик-штаб ўқув машқида иштирок этишни режалаштирмаяпти, дейилган тузилма тарқатган хабарда.
Қўшимча қилинишича, машғулотда аъзо мамлакатлар, жумладан Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликлари, Қозоғистон миллий гвардияси ва Росгвардия, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон махсус хизмати вакиллари, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазирликлари чекланган кучлари иштирок этади.
АҚШда илк бор “Cybertruck” билан боғлиқ ўлим ҳолати тергов қилинмоқда
Техас полицияси “Tesla” компанияси “Cybertruck” электромобили иштирокида юз берган, инсон ўлими билан якунланган автоҳалокат ишини тергов қиляпти, дейилган “Fox 4 Beaumont” телеканали хабарида.
Ҳаракат пайти йўл четига чиқиб кетиб, қувурга урилган машина ҳайдовчиси қурбон бўлган.
“Tesla Cybertruck” – бозорда энг машҳур электрда ҳаракатланадиган юк автомобили ҳисобланади. Компания маълумотига кўра, Америка бозорида бу айни русумдаги электромобил нархи 57 000 - 96 000 доллар оралиғида.
G7 мамлакатларни Яқин Шарқ можаросида вазминликка чақирди
“Катта еттилик” гуруҳи эълон қилган баёнотда Яқин Шарқдаги можаро иштирокчилари вазминликка чақирилиб, ҳеч бир давлат кескинлик кучайишидан фойда кўрмаслиги таъкидланган.
– Томонларни жавоб зўравонлигини давом эттиришдан бутунлай тийилиш, кескинликни пасайтириш ва айни йўналишда конструктив иш олиб боришга чақирамиз, – дейилади баёнотда. – Яқин Шарқдаги кескинлик янада кучайишидан ҳеч бир томон манфаатдор эмас. Катта еттилик мамлакатлари фикрича, минтақадаги ҳозирги воқеалар “бундан ҳам йирик можаро”га айланиб кетиши мумкин.
Эрон Президенти Россия билан ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади
Теҳрон ва Москва муносабати Эрон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши, ўзаро келишувларни жадал амалга ошириш керак, деди янги Президент Масъуд Пезешкиён Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу билан учрашувда. ИРНА ахборот агентлиги етакчининг қуйидаги сўзларини иқтибос сифатида келтирган:
– Россия Эрон халқини қийин пайтларда қўллаб-қувватлаган давлатлар қаторида туради. Ушбу стратегик ҳамкор билан муносабатни ривожлантириш Эрон Ислом Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Икки давлат ўртасида имзоланган ҳужжатлар ижросини тезлаштириш зарур.
Британияда тартибсизлик, 380 га яқин одам ҳибсга олинди
Англиянинг Саутпорт шаҳрида болаларга пичоқ билан ҳужум уюштирилиши натижасида юзага келган тартибсизлик ортидан Буюк Британияда 380 га яқин одам ҳибсга олинди, деди Миллий полиция бошлиқлари кенгаши раҳбари Гевин Стивенс. Аввалроқ “Times” нашри 420 дан зиёд одам ушлангани ҳақида хабар берган эди.
Ушбу воқеа ҳақида дастлаб Британиянинг “Мерсисайд” графлиги полицияси 29 июль куни маълум қилган. 17 ёшли ўсмир уч боланинг ҳаётига зомин бўлган. Фожиадан сўнг бир неча бола, катта ёшли икки киши оғир аҳволда шифохонага етказилган. Ҳужум уюштирган шахс қочқин эканлиги тўғрисиида тасдиқланмаган маълумот тарқалиши туфайли Саутпорт, Лондон ва бошқа бир неча шаҳарда аҳоли намойишга чиқиб, полиция билан тўқнашув рўй берган. Кейинчалик жиноятчи Уэльсда Руандалик муҳожирлар оиласида туғилгани аниқланди.
Ким Чен Ин: Шимолий Корея ядровий салоҳиятини ошириши зарур
КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШнинг ўз иттифоқчиларига ядро қуролини топшириш сиёсати муносабати билан мамлакат ядро салоҳиятини ошириш зарурлигини маълум қилди. Бу хабар Корея марказий телеграф агентлиги томонидан тарқатилган.
– Сўнгги 5 йилга назар ташласак, АҚШ томонидан Корея Халқ Демократик Республикасига қарши олиб борилган ҳарбий сиёсатда ядро (қуроли) тушунчаси мавжуд бўлмаган ҳолат йўқлигини кўрамиз, – деди Ким Чен Ин қўшинларга янги тактик ракета тизимини топшириш маросимида сўзлаган нутқида. – Хавф шундай нуқтага етиб келдики, энди Америкага дўст давлатлар ихтиёрида ҳам АҚШ ядро қуроли мавжуд.
Туркия ЕИ давлатлари маҳсулотига божни оширди
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Европа Иттифоқи давлатларидан келадиган товарларга 30 фоиз, бошқа давлатлар маҳсулотларига эса 60 фоиз бож солиғи жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади.
Тегишли қарор ҳукуматнинг расмий газетасида эълон қилинди. Бундан ташқари тезкор етказиб бериш билан халқаро харид учун солиқсиз чеклови 150 евродан 30 еврогача пасайтирилди. Илгари ЕИ маҳсулотлари учун бож мос равишда 18 ва 30 фоиз эди.
С.Раҳимов,
ЎзА