Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Туркия сайёҳлик кемаси ёниб кетди
Туркиянинг Мармарис дам олиш ҳудуди соҳилида сайёҳлар ўтирган кемада ёнғин содир бўлди. Жароҳат олган 17 кишининг уч нафари оғир аҳволда. Бу маълумотни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги денгиз ташуви бошқармаси тарқатган.
“Eagles” номли сайёҳлик кемасидан 96 йўловчи қутқарилган. Матбуот хабарномасида йигирма метрли ёғочдан ясалган кема буткул ёниб, сувга чўкиб кетгани айтилган.
Трамп митингида отишма қурбонлари учун 2 миллион доллар тўпланди
2 054 868 долларни йиғишда 30 мингга яқин киши иштирок этди, дейилган “Gofundme” платформаси ахборотида.
Польшанинг Украина билан боғлиқ таклифига баҳо берилди
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Польшанинг Украина осмонидаги ракеталарни уриб тушириш ғоясига, Украина уюштирган телемарофонда чиқиш қилиб, жумладан, қуйидаги мазмунда баҳо берди:
– НАТО сиёсати ўзгармас, ушбу можарода иштирок этмаслик. Биз Россия самолётларини йўқ қилишда Украинани қўллаб-қувватлаймиз, бироқ тўғридан-тўғри иштирок этмаймиз.
Аввалроқ “Рейтер” агентлиги Польша мудофаа вазири ўринбосари Цезарий Томчик Варшава Вашингтонда, НАТО саммитида “Украинага учирилган ракеталарни Польша уриб тушира оладими?” деган саволни кўтармоқчи эканинин маълум қилганди.
Исроилда Ғарбий Нил безгаги тез тарқалмоқда
Исроилда пашша чақиши натижасида келиб чиқадиган Ғарбий Нил безгаги вируси билан хасталаниш ҳолати сўнгги 25 йилдаги рекорд даражага кўтарилди. Шу мавсумнинг ўзида касалланган 440 кишидан 32 нафари вафот этган. Ушбу хабарни давлатга қарашли “Kan” радиостанцияси мамлакат соғлиқни сақаш вазирлигига таяниб тарқатди.
Қайд этилишича, 2000 йил 425 ҳолат кузатилган, 2024 йилнинг дастлабки етти ойидаёқ касалланиш ушбу кўрсаткичдан ошиб кетди. 2000 йилдан буён Исроилда мазкур вирусни юқтириш ҳар йили ўртача 100 кишига тўғри келяпти.
Кенияда 42 нафар аёлни ўлдирганликда гумонланган одам ҳибсга олинди
Кения полицияси Найробидаги кулбалар ахлатхонасида бир неча аёл жасади топилгач, гумондор эркакни қўлга олди, деб хабар тарқатди маҳаллий “Star” нашри полиция идораси маълумотига таяниб.
Жиноят қидирув бошқармаси раҳбари Муҳаммад Амин таъкидлашича, бу шахс икки йил давомида 42 аёлни ўлдирганига иқрор бўлган.
Аввалроқ “Citizen Digital” нашри Кваре туманида жойлашган ахлатхонада жума куни ўндан зиёд қопга солинган жонсиз тана топилганини ёзган эди. Гувоҳлар эса жасадлар кўпроқ бўлганини таъкидлаган. Шанба куни ғазабга тўлган ололмонни тарқатиш учун полициячилар осмонга қарата ўқ ўзишга мажбур бўлган.
Туркияда юз берган ёнғин уч кундан буён ўчмаяпти
Уч кундирки, Туркия жануби-ғарбида, Ойдин вилоятидаги қоғоз фабрикасида содир бўлган ёнғинни ўчиришнинг иложи бўлмаяпти, аланга омборга ҳам ўтган.
“IHA” агентлиги хабарига кўра, офатни осмондан ҳам, ердан ҳам бартараф этишга уриниб кўришган. Ҳатто, бир муддат оловни назоратга олишнинг уддасидан чиқилган, бироқ якшанба куни аланга янги куч билан ён атрофга тарқалган.
Ёнғинни ўчириш жараёнида ис газидан заҳарланган бир неча киши касалхонага ётқизилгани маълум.
С.Раҳимов, ЎзА