Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Хитой Украинадаги вазият бўйича Россияга таъсир ўтказишдан манфаатдор эмас, деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Испаниянинг RTVE радиосига берган интервьюсида.
– Биз Хитойга ўз таъсиридан фойдаланиши кераклигини кўп айтдик, – деди у. – Хитой кўнмайди, чунки бундан манфаатдор эмас.
***
Олмаота шаҳрида Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жейхун Байрамов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“РИА Новости” мухбири ёзишича, музокарада томонлар ўзаро тинчлик шартномасига доир асосий масалаларни муҳокама қилишган. Дарвоқе, 29 февраль куни Берлинда бўлиб ўтган аввалги мулоқотда ҳамкасблар музокарани давом эттиришга келишган эди.
***
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Ғарбни Россия Президенти Владимир Путинга қарши курашда қатъий позиция эгаллашга чақирди. “Daily Mail” шу ҳақда ёзди. Совуқ уруш даврини эсларкан, Кэмерон Европа қитъаси яна совуқлашиб бораётганидан огоҳлантирган.
***
Молдова Мудофаа вазирлиги 20-24 май ва 27-31 май кунлари миллий армия захирасидаги аскарлар учун янги машғулот ўтказилишини эълон қилди. Бу маълумотни вазирлик департаменти матбуот хизмати тасдиқлаган.
Аввалроқ вазирлик захирадаги ҳарбий хизматчилар учун апрель, май, июнь ва сентябрь ойларида маҳоратни ошириш, техника ва қурол-яроқ билан таништириш мақсадида ўқув машқи ўтказилишини маълум қилган эди.
***
Пентагон Россия ҳарбийларининг Украинадаги “Starlink” интернет-терминалидан рухсатсиз, ноқонуний фойдаланишига тўсқинлик қилади, деди АҚШ мудофаа вазирининг космик сиёсат бўйича ёрдамчиси Жон Плумб “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида.
– АҚШ Украина ҳукумати ва “SpaceX” билан бу борада фаол ҳамкорлик қилмоқда, – деган у. – Пентагон бу йўналишда “Starlink” эгаси Илон Маск билан муросага келди.
***
Парламентда муҳокама қилинаётган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Грузиянинг Европа билан ва трансатлантик интеграциялашув мақсадига зид. Айни фикрни Вильнюсда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Литва ва Латвия ташқи ишлар вазирлари Габриелиус Ландсбергис ва Байба Бразе билдиришган.
– Хорижий агентлар ҳақидаги қонун каби қарорлар Трансатлантика ва Европа Иттифоқи аъзолиги билан боғлиқ истиқболга мос келмайди, – деди Литва вазири.
***
Ҳиндистон ва Молдова дипломатик ҳамда хизмат паспорти эгалари учун визасиз тартиб тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
– Ушбу келишув кучга киргач, дипломатик ва хизмат паспорти эгаси бир мамлакатдан иккинчисига визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлади, – дейилган ахборотда.
***
Тожикистон ва Эрон ташқи ишлар вазирликлари Теҳронда сиёсий маслаҳатлашувнинг иккинчи даврасини ўтказди. Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи кўриб чиқилган.
Тожикистон ТИВ хабар беришича, томонлар минтақа ва жаҳонда рўй бераётган сўнгги воқеалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
***
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд май ойи иккинчи ярмида Японияга боради. Ташриф давомида у император Нарухито билан учрашади, Бош вазир билан музокара ўтказади.
2025 йил бу икки давлат дипломатик муносабат ўрнатилганининг 70 йиллигини нишонлайди. Валиаҳд шаҳзоданинг ташрифи, жумладан, ушбу санага ҳам бағишланган, деди кун чиқар мамлакат Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси.
С.Раҳимов,
ЎзА