Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Мексика ҳукумати Техасдан депорт қилиниши кутилаётган мигрантларини қайта қабул қилмайди, деб баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.
Расмий Мехико Техаснинг SB4 қонуни яқинда кучга киришини қоралади. Ушбу ҳужжатга кўра, маҳаллий куч ишлатар тизимларга Мексика фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш имконияти берилади.
***
Камбожа Бош вазири Хун Манет тегишли муассасаларга автомобиль сигнали товушини пасайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Сўнгги пайт “TikTok” ижтимоий тармоғида ёшларнинг кўча ўртасида машина сигналини баландлатиб, рақсга тушиши урфга киргани ҳақида хабарлар тарқалмоқда, деб ёзган маҳаллий “Khmer Times” нашри.
“Бу кўчадаги тартибга путур етказади, айниқса болалар учун жиддий хавф туғдиради”, – дейилган хабарда.
***
Греция ташқи ишлар вазири Йоргос Герапетритис мамлакатнинг хориждаги барча дипломатия ва консуллик органларига 25 март куни нишонланадиган мустақиллик куни тадбирига Россия ва Беларусь вакилларини таклиф этмасликни сўраб, мактуб йўллади, деб ёзди “newsbreak.gr” портали.
“РИА Новости” ёзишича, Греция уч йилдирки тантанага Россия вакилларини таклиф этмайди.
***
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров мамлакатни қўллаб-қувватлаш бўйича алоқа гуруҳи мажлиси якуни юзасидан баёнот бериб, Киев замбарак ўқи ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун кўп ракета олишини маълум қилди.
Учрашув сешанба куни Германиядаги АҚШнинг “Рамштайн” авиабазасида бўлиб ўтган.
Умеров таъкидлашича, яна бир неча мамлакат “дронлар коалициясига” қўшилган ва аъзолик бадалини ҳам тўлаган.
***
АҚШ Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкиннинг Франция Украинага қўшин юборишга тайёр, дея берган баёнотига ишонмайди. Вашингтон эса ўз кучларини Украинага жўнатмоқчи эмас, деди Давлат департаменти расмий вакили ўринбосари Ведант Патель.
Франция Украинага жўнатиш учун ўз контингентини тайёрламоқда, биринчи босқичда жанг кетаётган ҳудудга икки минг ҳарбий жўнатилади, деган Наришкин.
***
Молдова либерал-демократик партияси ҳукумат ва президент Майя Сандуни ЕИга аъзо бўлиш учун референдум ўтказиш ғоясидан қайтишга чақирди.
Партия вакиллари таъкидлашича, бундай жараённи ташкил қилишга президент эмас, балки парламент ҳақли.
***
Арманистон банклари иккиламчи санкцияга тушмаслик учун “Мир” картасига хизмат кўрсатишни тўхтатишга қарор қилди.
– АҚШ молия вазирлиги хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси “Мир” тўлов-ҳисоблашиш тизимига санкция эълон қилгач, Арманистон банклари учун ҳам хавф туғилди, – дейилган мамлакат банклари иттифоқи эълон қилган баёнотда.
***
Буюк Британия қироли Карл III ўзининг ўлими ҳақида тарқалган миш-мишдан кейин илк бор Виндзор қалъасини тарк этиб, Лондондаги Кларенс-хаус вестминстер қароргоҳига келгани маълум бўлди, деб ёзди “Daily Mail” газетаси.
Аввалроқ Букингем саройи матбуот хизмати вакили Ребекка Гэвин Қирол Карл III вафоти ҳақидаги гап-сўз асоссиз, дея баёнот берган эди.
С.Раҳимов,
ЎзА