Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 18 март куни Германияга сафар уюштириб, Украина бўйича алоқа гуруҳи мажлисида иштирок этади. Бу ахборотни брифингда Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх тасдиқлади.
Учрашув АҚШнинг Германиядаги Рамштайн ҳарбий базасида бўлиб ўтади.
Сабрина Сингх таъкидлашича, Остин 14 март куни Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудс билан учрашиб, НАТОда икки томонлама хавфсизлик масаласи ҳамда Украинадаги вазиятни муҳокама қилган.
***
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Инвестиция фонди раҳбари Муҳаммад Мустафони Бош вазир лавозимига тайинлади, дейилган WAFA агентлиги тарқатган хабарда.
Аббос маъмурияти янги ҳукуматнинг асосий вазифаси сифатида Ғазо секторида иқтисодий тиклаш жараёни тезроқ йўлга қўйилиши, Исроил ҳукумати вайрон қилган туманлар қайта тикланиши, келажакда Фаластин давлати шаклланиши, иқтисодиёт, давлат хавфсизлиги соҳалари ислоҳ қилинишидан умидвор.
***
АҚШ Яманда Хусийларнинг тўққизта кемага қарши ишлатиладиган ракета ҳамда дронини йўқ қилди, дея маълум қилди Америка марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ижтимоий тармоқ орқали.
Таъкидланишича, ушбу чора кема қатновини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган.
***
Франция Президенти Эммануэль Макрон “France-2” телеканалига берган интервьюсида Россия Украина билан зиддиятда ғалаба қозонса, Европа нуфузини бутунлай йўқотишини таъкидлади.
– Биз мақсадимизга эришиш учун ҳамма ишни қиламиз, – деди Макрон. – Агар Россия ғалаба қилса, французлар ҳаёти ўзгаради, хавфсизлигимизга путур етади. Украинада французлар ва Европа хавфсизлиги тикилган. Агар Россия ютса, бу Европа нуфузини йўққа чиқаради.
***
Россия Президенти Владимир Путиннинг Туркияга ташрифи апрель ойида амалга оширилади, деб хабар тарқатди “Ensonhaber” ахборот портали тегишли манбаларга таяниб.
Аввалроқ Президент Режеп Таййип Эрдоған Путинни 31 март куни Туркияда маҳаллий органларга бўлиб ўтадиган сайловдан кейин кутиб олишга умид қилаётганини билдирган эди.
***
Давлат департаменти матбуот котиби Мэттью Миллер, мазкур идора баёнотига кўра, Россиянинг Донецк ва Луганск халқ республикалари, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳамда Қримда ўтказилаётган президент сайловининг қонунийлиги тан олинмаслигини қайд этди.
Шунга ўхшаш баёнотлар аввалги йиллари ўтказилган сайловлар арафасида ҳам янграган эди. Россия ҳукумати Москва ўз ҳудудидаги сайлов жараёнини ҳеч бир мамлакат билан муҳокама қилмаслигини таъкидлаб келади.
***
Америка Қуролли кучлари Шимолий қўмондонлик (NORTHCOM) раҳбари Грегори Гийо конгрессда сўзга чиқиб, ўтган ҳафта Россиянинг икки Ту-95 бомбордимончи самолёти АҚШ ва Канада ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳудудига яқин жойдан учиб ўтди, дея баёнот берди.
Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолёт РФ ҳарбий-фазовий кучларининг узоқ масофага парвоз қиладиган авиацияси таркибига киради. Мазкур учоқ, одатда, Х-55 қанотли ракеталарини олиб юради.
***
Гаити пойтахти Порт-о-Пренсда юз бераётган жиноий гуруҳлар иштирокидаги тартибсизлик шароитида миллий қамоқхонада ёнғин содир бўлди, деб ёзди маҳаллий “Gazette Haiti” нашри.
Ёнғин сабаби аниқланмаган, фақат шуниси маълумки, мамлакатда тартибсизлик бошлангандан кейин қамоқхонада бирор маҳбус қолмаган.
***
Украинага қурол етказиб бериш учун НАТО аъзоларига сиёсий ирода керак, деди Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг. Ташкилот раҳбари таъкидлашича, НАТО мамлакатлари Украинага янада кўпроқ қурол-аслаҳа етказиб бера олади, фақат бунинг учун уларга сиёсий ирода керак.
***
Ойга ва Марсга учиш учун “SpaceX” компанияси томонидан яратилган “Starship” коинот кемасига Техас штатида старт берилди. Бу учинчи синов парвози ҳисобланади, деб ёзган “РИА Новости”.
Компания маълумотига кўра, старт ва парвознинг биринчи босқичи жуда яхши кечган. Режага кўра, синов парвози бир соатдан кўпроқ чўзилиши керак, шу вақт мобайнида двигателлар синовдан ўтади.
“Starship” коинот парвози учун ҳозиргача яратилган энг йирик ва қудратли тизим ҳисобланади. Ракетанинг баландлиги 121 метр, айланаси, тахминан, 9 метр атрофида.
С.Раҳимов, ЎзА