Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
Британия ГФРни Киевга Taurus ракеталари беришга чақирди
Буюк Британия бундесвер зобитлари суҳбати сиздирилганига қарамай, Германияни Киевга узоқ масофага мўлжалланган “Taurus”ракеталари беришга чақиради, деб ёзди “Guardian” газетаси ҳукумат вакилига таяниб.
“Британия биринчи бўлиб юқори аниқликдаги ракеталарни Украинага берган ва иттифоқчиларимизни ҳам шундай қилишга чақирамиз”, – деган мулозим.
Ўт очиш тўхтамаса, гаровдагилар ҳақида маълумот тўплаб бўлмайди
Ўт очиш тўхтатилмаса, ХАМАС гаровда ушлаб турилганлар ҳақида маълумот тўплай олмайди, деди Ғазо секторидаги ХАМАС ташқи алоқалар бўлими раҳбари Басим Наим CNN телеканали мухбирига.
– Бомбардимон пайтида гаровдагилар тақдирини ҳал қилиш стратегиясини тузолмаймиз, – деган у. – Шундай экан, маълумот тўплаш учун ўт очиш тўхтатилиши керак.
Наим таъкидлашича, гаровдагилар Ғазо секторининг турли қисмларида турли гуруҳлар қўлида сақланмоқда.
Афғонистонда совуқдан 39 киши нобуд бўлган
Тожикистоннинг Ховар агентлиги ёзишича, бу йил Афғонистонда қиш жуда қаттиқ келгани боис, совуқдан ҳалок бўлганлар сони 39 кишига етди. Ушбу баёнотни якшанба куни табиий офатларга қарши кураш бўйича Афғонистон миллий бошқармаси расмий вакили берган.
– 39 фуқаро ҳалок бўлди, 30 киши ёмғир, қор бўрони ва совуқдан жабр кўрди, – дейилган ахборотда. – Бундан ташқари, 637 уй вайрон бўлиб, 13 889 бош йирик шохли қорамол қаҳратонда нобуд бўлди.
Гаитида қуролли тўда аэропортга ҳужум қилди
Гаитида қуролли тўда халқаро аэропортни эгаллаб олишга уринди, аэропорт ҳудудида отишма юз берди, деб хабар тарқатди “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги полиция маҳкамасига таяниб.
Аввалроқ “Франс Пресс” Гаити ҳукумати мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсда фавқулодда ҳолат ҳамда комендантлик вақти эълон қилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Шундан кейин Туссен-Лувертюра номли халқаро аэропортга ҳужум уюштирилган.
Таъкидланишича, Гаитининг бутун ғарбий департаменти бўйлаб жорий этилган хавфсизлик чоралари 72 соат давом этади.
Пентагон: АҚШ Украинада F-35 самолётларидан фойдаланмаяпти
– АҚШ Украинада F-35 самолётларидан фойдаланаётгани йўқ, – деди Пентагон вакили “РИА Новости”га.
Аввалроқ Сингапур мудофаа вазири Нг Энг Хен Вашингтон Украина ҳудудида Россиянинг ҳаво ҳужумига қарши тизими жойлашган нуқталарни қидириш учун F-35 қирувчи самолётларидан фойдаланмоқда, дея баёнот берганди.
Хабарда мулозимнинг сўзлари вазирлик сайтида келтирилгани ҳам айтилган.
Мўғилистонда совуқдан нобуд бўлган уй ҳайвонлари сони миллиондан ошди
Ҳозиргача Мўғулистонда совуқдан нобуд бўлган ҳайвонлар сони 3 089 420 бошга етди, дея баёнот берган Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссияси.
“Синьхуа” агентлиги ёзишича, якшанба куни пойтахт Улан-Батордан қиш мавсуми қаттиқ келишидан қийналиб қолган турли минтақаларга навбатдаги гуманитар юклар жўнатилган.
Маълумки, ушбу давлат иқтисодиётининг муҳим бўғини ҳисобланадиган чорвачилик аҳолининг 40 фоизи учун даромад манбаи ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йил Мўғулистонда жами 64,7 миллион бош чорва моли рўйхатга олинган.
Макрон француз қўшинларини Украинага жўнатиш фикрига изоҳ берди
Франция яқин келажакда Украинага қўшин юборишни режалаштирмаяпти, бироқ ушбу мамлакатни қўллаб-қувватлаш бўйича бор имкониятни кўриб чиқмоқда, деди Президент Эммануэль Макрон Прагага ташрифи арафасида Чехиянинг “Novinky” портали ва “Prаvo” газетасига интервью берар экан.
Туркия МРБ билан Украина масаласини муҳокама қилади
Туркия миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Қалин АҚШда Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс билан Украинада юзага келган вазиятни муҳокама қилади, деб хабар тарқатди “Anadolu” агентлиги.
– Учрашувда Россия билан Украина ўртасида давом этаётган зиддият ва шунингдек, Кавказдаги вазият ҳам муҳокама қилинади, дея аниқлик киритилган мавзуга ахборотда.
Трамп Байденни ғирромликда айблади
АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп баёнот беришича, Жо Байден ғирром йўл билан қайта сайланишга уринмоқда.
Трамп ижтимоий тармоқда шундай ёзган:
– Президент Байден, судья ва прокурорларни қуролга айлантиришни тўхтат! Курашда мустақил иштирок эт. Сайловда ғолиб бўлиш йўлида рақибингга зарар келтириш учун судья ва прокурорлардан фойдаланма!
Трамп таъкидлашича, унга қарши олиб борилаётган ҳуқуқий жараён Оқ уйдан мувофиқлаштирилмоқда.
С.Раҳимов,
ЎзА