Дунё воқеалари қисқа сатрларда
Хусийлар қарама-қаршиликка тайёр
Агар Исроил амалиётни давом эттираверса, Хусийлар ҳар қандай қарама-қаршиликка тайёрлигини маълум қилди.
Ҳаракат вакили Муҳаммад Ал-Буҳайтий маҳаллий телеканалга берган интервьюсида хусийларда қаршилик кўрсатишнинг кўплаб усуллари мавжудлигини айтган.
Масалан, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари, ҳарбий қўналғаларига ҳужум қилишимиз мумкин, деган у.
Япония иқтисодий устунликни Германияга бериб қўйди
Япония ҳукумати эълон қилган маълумотга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти миқдори 2023 йил тўртинчи чоракда йиллик кўрсаткичга нисбатан 0,4 фоиз қисқарган ва 4,21 триллион долларни ташкил этган. Германиянинг бу борадаги натижаси эса 4,46 триллион долларга етган.
Демак, кун чиқар юрт жаҳоннинг учинчи иқтисодий қудратли давлати мақомини Германияга топширишга мажбур бўлган.
НАТО Украина ҳарбийлари учун янги марказ очади
НАТО Украина ҳарбийларини ўргатишга мўлжалланган янги марказ очишни режалаштирмоқда, деб ёзди Испаниянинг “Pais” газетаси.
КХДР яна ракетани синаб кўрди
КХДР кемаларга қарши ишлатиладиган янги турдаги ракета синовини ўтказди.
“Падасури-6” номли ушбу аслаҳа мамлакат ҳарбий денгиз кучлари ихтиёрига берилади, деб хабар тарқатди мамлакат Марказий телеграф агентлиги.
АҚШ орбитага янги йўлдош олиб чиқади
АҚШ гипер товушли қуролни кузатиб борадиган йўлдошни орбитага олиб чиқади, дея маълум қилди Пентагоннинг ракета ҳужумига қарши ҳимоя агентлиги.
Икки йўлдош гипер товушли ва баллистик ракетани кузатишга мўлжалланган ускуна билан жиҳозланади, яна тўртта қурилма қирувчи самолётни кузатиб борадиган тизимнинг бир қисми бўлади, дейилади хабарда.
АҚШ F-35 харидини камайтиради
АҚШ ҳарбий бюджети чеклангани сабабли 2025 йил янги авлод “F-35” қирувчи самолёти сотиб олишни қисқартиради.
“Рейтер” агентлиги ёзишича, Пентагон “Lockheed Martin” компаниясидан аввал келишилган 83 та ўрнига 70 та қирувчи самолёт олади.
Украина Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа коалицияси кучаймоқда
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа коалициясига 15 мамлакат қўшилганини билдирди. Шунингдек, у дронлар коалицияси фаолияти бошланганини ҳам маълум қилди. Вазир таъкидлашича, ушбу жамоага Швеция, Буюк Британия, Дания, Германия, Литва, Эстония, Нидерлаендия ва Латвия қўшилган.
Блумберг: Европа АҚШ кўмагига муҳтож
Европа мамлакатлари ҳали камида ўн йил қитъа хавфсизлигини АҚШ ёрдамисиз таъминлай олмайди, деб ёзди агентлик. Шу боис ЕИга кирувчи давлатлар мудофаа қобилиятини ошириш учун кўпроқ харажат қилиши кераклиги таъкидланган.
Швеция гиёҳвандликка қарши курашни кучайтирган
Швеция 2023 йил рекорд даражада кўп гиёҳванд модда мусодара қилди, дейилади мамлакат божхона хизмати тарқатган матбуот хабарномасида.
Ўтган йил ушбу мамлакатда жами 11 тоннадан зиёд заҳри қотил йўқ қилинган.
Канада Украина учун 44 миллион доллар сарфлайди
Канада мудофаа вазири яқинда Брюсселда бўлиб ўтган НАТО мажлисида Оттава Украина учувчиларини тайёрлаш учун 44 миллион АҚШ доллари ажратишини маълум қилди. “CBC” телеканали хабар беришича, украиналик учувчилар ушбу давлат кўмагида “F-16” қирувчи самолётларини бошқаришни ўрганади.
Туск Макроннинг ваъдасини жиддий қабул қилди
Польша Бош вазири Дональд Туск Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Европани ядро қуроли билан таъминлаш ҳақидаги ваъдасини кўтаринки руҳда қабул қилди, деб хабар тарқатди “Polsat TV” телеканали.
– Мен Президент Макроннинг Франция Европани ядро қуроли билан таъминлашга тайёр, деган сўзларига жиддий қарайман, – деди у Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашувдан кейин уюштирилган матбуот анжуманида.
С.Раҳимов, ЎзА