Дунё тўқимачилик саноати вакиллари Самарқандда
Самарқандда Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси (ITMF) ва Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF)нинг “Инновациялар, ҳамкорлик ва тартибга солиш — тўқимачилик саноати ва кийим-кечак ишлаб чиқаришининг ҳаракатлантирувчи кучлари” мавзусидаги йиллик конференцияси ўтказилмоқда.
Мазкур нуфузли ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган анжуманда ITMF ва IAFга аъзо давлатлар, йирик тўқимачилик компаниялари, дунёга машҳур брендлар, молия институтларининг 500 дан ортиқ вакили иштирок этмоқда.
ITMF дунёнинг 123 та энг йирик тўқимачилик уюшмасини бирлаштирадиган ва улар таркибидаги тўқимачилик корхоналари ва брендларнинг халқаро алоқаларини кенгайтиришга ёрдам берадиган ташкилотдир. IAF эса 60 та мамлакат уюшмалари ва улар таркибидаги 100 мингдан ортиқ брендлар ва чакана савдо компанияларини бирлаштиради. Мамлакатимиз 2014 йилда Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерациясига, 2020 йилда эса Халқаро кийим-кечак федерациясига аъзо бўлган.
9 август куни анжуманнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ж. Хўжаев ўқиб эшиттирди.
[gallery-19175]
Давлатимиз раҳбари ўз табригида юртимизда илк бор ўтказилаётган мазкур форум ишига муваффақият тилаб, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда бўлгани сингари тўқимачилик ва кийим-кечак саноатида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланган.
Жумладан, пахта етиштиришда давлат монополиясига барҳам берилгани, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган кластер тизими яратилиб, босқичма-босқич такомиллаштириб борилаётгани қайд этилган.
Соҳадаги ислоҳотларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистонга нисбатан “пахта бойкоти” бекор қилинди. Бу борада “Cotton Capaign” халқаро коалицияси билан ҳамкорлигимиз давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, барқарор қонунчилик базаси яратилгани, инвестициявий муҳит яхшилангани, янги технологиялар жорий этилгани натижасида пахта толасини қайта ишлаш 2017 йилдаги 40 фоиздан 100 фоизга етди. Айни вақтда четдан тола ва хомашё олиб келиб, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги ишлар ҳам бошланди, дейилади табрикда.
Бу саъй-ҳаракатлар туфайли бугунга келиб тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробар кўпайди, экспорт 4 карра ортди. Энг муҳими, илгари соҳада экспортнинг 70 фоизи хомашё ҳиссасига тўғри келган бўлса, бугунги кунда четга сотилаётган товарларнинг 60 фоизини тайёр маҳсулотлар ташкил этмоқда.
Анжуманда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов сўзга чиқиб, юртимизда, жумладан, Самарқанд вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, пахта тола ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси президенти Кей Ви Шринавасан ва Халқаро кийим-кечак федерацияси президенти Чем Алтан Марказий Осиё давлатларида илк бор Ўзбекистонда ўтказилаётган мазкур анжуманнинг юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Бугунги кунда дунё бозорида тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб, табиий хом-ашё ва сунъий материаллардан тайёрланаётган маҳсулотлар савдоси, нарх тенденцияларининг ўзгариб бораётганига эътибор қаратилди.
– Айни пайтда пахта толаси тайёрлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён узлуксиз занжирини таъминлаш ғоят муҳим аҳамиятга эга, – деди Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси (ITMF) президенти Кей Ви Шринавасан. – Лекин барча давлатларида ҳам бунга эришиш қийин кечмоқда. Ўзбекистонда эса кейинги 7 йилда бу борада салмоқли натижаларга эришилганини қайд этиш лозим. Мамлакат қисқа вақт ичида дунёга хомашё сотувчи давлатдан тайёр маҳсулот экспортчисига айланди. Ҳатто, хомашёни импорт қилиб, кийим-кечак ишлаб чиқариб, сотишга ҳаракат қилинаётгани қувонарли.
Кей Ви Шринавасан ўз сўзида бугун тўқимачилик саноатида янги инновацияларни қўллаш, стартап лойиҳаларга эҳтиёж катталигини таъкидлаб, мазкур конференция соҳа субъектларининг бу борада фикр алмашиши учун қулай майдон эканлигини таъкидлади.
Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF) президенти Чем Алтан эса соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қонунчиликни такомиллаштириш, тўқимачилик ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчиларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Шундан сўнг анжуман қатнашчилари Ўзбекистонда тўқимачилик саноатининг ривожланиши ва истиқболига оид кўргазма, юртимиздаги етакчи ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари намойиши билан танишди.
Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси ва Халқаро кийим-кечак федерацияси йиллик анжумани бир қатор сессияларда ўз ишини давом эттирмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари