Дунё теннисчилари Наманганда беллашди
Давлатобод туманидаги “Дўстлик” спорт мажмуаси кортларида Ўзбекистон теннис федерацияси, республика Спорт вазирлиги, Халқаро теннис федерацияси ҳамда Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида теннис бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнир якунига етди.
Наманган шаҳрида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинадиган “J100” таснифига кирувчи ушбу нуфузли мусобақада юртимиз спортчилари билан бир қаторда Австралия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Покистон, Таиланд, Россия Федерацияси, Қозоғистон давлатларидан келган юзга яқин иқтидорли ракетка усталари ғолиблик учун беллашди.

Турнирнинг якка баҳсларида йигитлар иштирокида ҳал қилувчи ўйинга россиялик спортчи ёшлар Иван Грецкий ва Артём Богомолов кортга чиқди. Икки сет натижасига кўра, 6:2, 6:4 ҳисобида зафар қучган А.Богомолов бош совринни қўлга киритди. Ушбу икки финалчининг омади жуфтликлар ўртасидаги рақобатда кулиб боққани йўқ. Улар ҳал қилувчи ўйинда Се Хюк Чо (Корея) / Пенн Чарусорн (Таиланд) “тандеми”га 5:7, 6:3 (10:2) ҳисобида имкониятни бой берди.

Қизлар ўртасида якка баҳсда финал учрашувида россиялик Александра Позаренкони 3:6, 6:3, 6:3 ҳисобида таслим этган кореялик Ли Хюнйэ ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Жуфтлик беллашувларда бош соврин Россия Федерацияси теннисчиларига насиб қилди. Унда Аннна Баздерова / Владислава Фомина “дуэти” Александра Позаренко / Мелина Субханқулова “тандеми”ни 1:6, 6:4 (10:8) ҳисобида мағлубиятга учратди.
Халқаро турнирнинг тантанали ёпилиш маросимида ғолиблар қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.