“Дунё садолари”: барча шароитлар яратилган
Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали давом этмоқда.
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг марказий саҳнасида Андижон шаҳри мономаркази ўқувчилари, ҳунарманд ва дизайнер хотин-қизлар томонидан тайёрланган миллий, замонавий либослар кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Туман, шаҳар маданият бўлимлари санъаткорлари, турли ансамбллар томонидан намойиш этилаётган бадиий дастурлар, ижро этилаётган рақс, куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашмоқда.
[gallery-18507]
Бундан ташқари, фестивални чиройли ва тартибли ўтишини таъминлаш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, овқатланиш шохобчалари, салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи дўконлар куну тун аҳоли хизматида. Кўчаларга банкоматлар, тиббий пунктлар ўрнатилган, шаҳар ичи бўйлаб махсус таксилар ҳаракати йўлга қўйилган. Шунингдек, ички ишлар, тиббиёт ходимлари, электр таъминоти, ободонлаштириш хизматлари ишчи ва ходимлари ҳам фестивални кўнгилдагидек ўтишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Биз ана шу соҳа вакилларининг бир гуруҳи билан суҳбатлашдик.
Жасурбек Қобулжонов, Андижон вилоят кардиология маркази шифокори:
– Шифокор ва ҳамширалардан иборат тиббиёт ходимлари, тадбирлар ўтказиладиган ҳуддудларда ташкил этилган тиббиёт пунктлари, кўплаб тез тиббий ёрдам машиналари фестиваль ташкилотчилари, ташриф буюрган меҳмонлар ва юртдошларимизнинг саломатлигини назорат қилиш учун Хонобод шаҳрига сафарбар этилган. Юртдошларимизнинг саломатлиги юзасидан мурожаат қилганларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, зарур дори-дармонлар берилмоқда.
Мадиёрбек Ҳамрақулов, Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш бошқармаси ходими, катта сержант:
– Меҳмонлар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳам зарур чоралар белгиланган. Фестивалга нафақат Андижон вилоятидан, балки қўшни Фарғона, Наманган ҳамда республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Ходимларимиз хушмуомалалик билан аҳолига хизмат кўрсатиб, зиммаларига юкланган вазифани адо этмоқда.
Мухлиса Собирова, “Ҳудудий электр тармоқлари” Андижон вилоят ҳудудий бўлими матбуот хизмати раҳбари:
– Фестиваль жуда чиройли ўтмоқда. Концерт дастурларини томоша қилаётган юртдошларимизнинг кўнгиллари тоғдай кўтарилмоқда. Саҳналар, йўлакча ва кўчалар тўла ёритилган, электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўйилгани йўқ.
Фестиваль якунига қадар электр энергияси таъминоти борасидаги ишлар қатъий назоратимиз остида бўлади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА