Дунё полвонлари Норинда беллашади
17-18 август кунлари Наманган вилоятининг Норин тумани марказида Халқлар дўстлиги Гран-при халқаро турнири бўлиб ўтади.
Илк бор Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли, бел олиш ва учкураш ассоциацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ўтказилаётган ушбу нуфузли турнирда Европа ва Осиё қитъаларининг 20 га яқин давлатларидан номдор полвонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро турнирда белбоғли, бел олиш, уч кураш, ва этноспорт турларига кирувчи қардош давлатларнинг кўрўш, гўреш, шалвар гуреш турлари бўйича ҳам курашчилар ғолиблик учун гиламга чиқади. Шу муносабат билан бугун Наманган шаҳридаги «Туркистон» меҳмонхонасида Халқлар дўстлиги Гран-при халқаро турнири олдидан ОАВлари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон белбоғли, бел олиш ва учкураш ассоциацияси бош котиби Носир Азизов ҳамда хорижий мамлакатларнинг вакиллари тадбир иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Аҳамиятлиси, мазкур Халқлар дўстлиги Гран-при халқаро турнири ҳар йили юртимизда ўтказиладиган бўлди. Бундай нуфузли халқаро турнирнинг ўтказилиши мамлакатимизда спорт туризмини янада ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА