Дунёнинг энг катта шаршаралари
Шаршара – табиатнинг буюк мўъжизаси. Баланд тоғлар, тик қоялар бағридан ўйноқлаб тушаётган сув жозибаси ҳар қандай кишини мафтун этади. Қуйида дунёдаги энг катта 5 та шаршара билан танишасиз.
Шаршара – табиатнинг буюк мўъжизаси. Баланд тоғлар, тик қоялар бағридан ўйноқлаб тушаётган сув жозибаси ҳар қандай кишини мафтун этади. Қуйида дунёдаги энг катта 5 та шаршара билан танишасиз.
Венесуэла шарқидаги Чурун дарёсига қуйилувчи Анхель сайёрамиздаги энг баланд шаршара ҳисобланади. Унинг умумий баландлиги 979 метр. Шаршара америкалик учувчи Жеймс Анхель номи билан аталган. 1933 йилда Анхель руда қидириш жараёнида шаршара устидан учиб ўтган. Кейинчалик 1937 йилда у бу жойга яна қайтади ва тоғ чўққисига қўниш пайтида самолёти шикастланади. Анхель ва унинг уч шериги шаршара бўйлаб пиёда тушиб, 11 кун деганда уйига қайтишга муваффақ бўлган. “Фламинго” самолёти эса вертолётда олиб кетилгунига қадар 33 йил чўққида турган. Шу воқеа сабаб, шаршара Анхель шарафига номланган.

Тугела шаршараси баландлиги бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Жанубий Африкадаги ушбу шаршара 948 метр баландликдан беш босқичда оқиб тушади. Кенглиги 15 метр.

Кейинги ўринни Перудаги “Уч опа-сингил” шаршараси эгаллаган. Шаршаранинг 914 метр масофадан оқиб тушувчи уч оқимли зилол суви ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Шаршара атрофини қалин ўрмонзор эгаллаган.

Бразилия ва Парагвай чегарасида жойлашган Гуайра шаршараси жуда кўп сув ўтказгани боис дунёнинг энг катта шаршаралари қаторида туради. 34 метр баландликка эга мазкур шаршарадан ҳар сонияда 13,3 минг куб метр сув отилиб тушади.

Дунёнда машҳур шаршара Ниагаранинг узунлиги атиги 53 метр бўлишига қарамай, 1200 метр кенгликда бўлгани боис катта шаршаралардан ҳисобланади. Сув оқимининг жўшқинлиги билан дунёнинг энг чиройли вакучли шаршараси, деб тан олинган. Мазкур табиат мўъжизаси Ниагара дарёсида жойлашган бўлиб, дарё Эри ва Онтарио кўлларини боғлайди. Тоғу тошларга урилиб оқаётган зилол сувнинг шовуллаши узоқ-узоқлардан ҳам эшитилиб туради. Шаршара гўзаллигини томоша қилиш учун ҳар йили бу ерга миллионлаб сайёҳлар келади. Улар учун осма дор йўли, томоша майдонлари, вертолётда ва ҳаво шарида саёҳат уюштириш имконияти яратилган. Ёз ойлари кеч тушгач, шаршара турфа рангли чироқлар билан ёритилиб, тунги тароватини намоён этади.

Камола ЮСУПОВА тайёрлади