Дунёда коронавирус тарқалишига оид вазият қандай?
Коронавирус инфекциясининг тарқалиш суръати юқорилигича қолмоқда. ЖСТ Sarc-Cov-2 га қарши вакцинани яратиш, харид қилиш ва тарқатишга оид саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш мақсадида 10 млрд. доллар тўплади.
Коронавирус инфекциясининг тарқалиш суръати юқорилигича қолмоқда. ЖСТ Sarc-Cov-2 га қарши вакцинани яратиш, харид қилиш ва тарқатишга оид саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш мақсадида 10 млрд. доллар тўплади.
Бироқ ЖСТ бош директори Т.Гебреесуснинг сўзларига кўра, фақат вакцинанинг ўзига 100 млрд. доллар талаб этилади. Шу билан бирга Т.Гебреесуснинг 10 августда бўлиб ўтган брифингдаги баёнотида ҳар куни аҳволи яхшиланаётлар сонининг ошиб бораётгани тасдиқланган. Уларнинг сони рекорд даражага 322 минг нафарга етган. Умуман олганда, соғайганлар сони 13,4млн нафар кишига етди ва умумий касалланганларнинг 65% дан ошди.
Айни вақтда АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Россия, ЖАР даги ҳолат аввалгидек хавотирлигича қолмоқда. Ушбу мамлакатлардаги беморлар жаҳондаги касалланганларнинг 59,5%ни ташкил этади.
Бу борада беморлар сонининг ошиши бўйича Ҳиндистон етакчи мамлакат саналади. Ушбу мамлакатда ўтган кеча-кундузда 61 минг нафар янги беморлар қайд этилган.
Марказий Осиё мамлакатларида ўтган кеча-кундузда 1 922 та янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Соғайганлар сони 163 594 нафарни ташкил этади (бу кўрсатгич минтақадаги жами беморларнинг 75,1 фоизини ташкил этади),4 360 нафар киши (0,02%) вафот этган.
Статистика
"Worldometers" дан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 12 август ҳолатига кўра, жаҳонда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони 20 млн. 514,4 минг кишига етган, 745,7 минг нафар бемор вафот этган.
Касаллик энг кўп тарқалган мамлакатлар: АҚШ - 5 млн. 305,9 минг нафар, Бразилия – 3 млн. 112,3 минг нафар ва Ҳиндистон – 2 млн. 328,4 минг нафар.
Жорий йилнинг 12 август ҳолатига кўра, COVID-19 дан жами соғайганлар сони 13 434 416 нафарга етди. Бу барча касалланганларнинг 65,4 фоиздир. 11 августда бу кўрсатгич 64,фоизни ташкил этган эди. Бу коронавирусдан тузалаётганлар сони тобора ўсаётганидан далолатдир.
Россияда жами касаллар сони 897 599 нафарни ташкил этди, 703 175 нафар бемор соғайган, 15 131 нафар бемор вафот этган.
Беларусда касаллар сони 69 005 нафар, соғайганлар 65 219 нафарни ташкил этди, 592 нафар бемор вафот этган.
Марказий Осиёдаги ҳолат
Қозоғистонда жами беморлар сони 100 164 нафар, соғайганлар 73 702 нафарни ташкил этди,1 269 нафар бемор вафот этган.
"Fergana.agency" тарқатган маълумотларига кўра, Қозоғистонда коронавирус ва ПЦР таҳлиллари манфий бўлган зотилжам касалликлари бирлаштирилмайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Б.Кожахметов шундай хабар берган. Бироқ ЖСТ ПЦР таҳлиллари манфий бўлган зотилжам касаллигини коронавирус диагнозига тенглаштирди ва шахсий сайтида республика миқёсидаги статистикани тақдим этди. Унга кўра, мамлакатда умумий касалланганлар сони 113,5 минг нафарни ташкил этган.
Б.Кожахметовнинг қайд этишича, ҳозирги кунда Қозоғистонда коронавирус инфекциясининг ўсиши тўхтаган. Вазият барқарорлашган ва тўлалигича ҳукумат ва соғлиқни сақлаш тизими назорати остига олинган.
Масалан, Нур-Султонда июль ойидан бошлаб инфекцион стационарлардаги ўринларнинг таъминланганлик даражаси 99% дан 18,5%гача тушган. 16 та стационар шифохонадан 5 таси ёпилган ва барча беморларга рухсат берилган. Коронавирус инфекцияси бўйича тез тиббий ёрдам чақиришлар сони ҳам қарийб 9,5 баравар камайган, яъни суткасига 500 та чақириқдан 53 тагача тушган. Стационар шифохоналарда зотилжам ташҳиси билан даволанаётган беморлар сони 6 баравар камайган.
Қирғизистонда касаллар сони 40 455 нафар, соғайганлар – 32 734 нафарга етди. 1 478 нафар бемор вафот этган.
Мамлакат бош вазири К.Боронов сешанба куни бўлиб ўтган брифингда таҳлилчиларнинг республика миқёсида коронавирусга чалиниши мумкин бўлган аҳоли сонига тааллуқли прогнозларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат илмий-маслаҳат экспертлар кенгашининг қайд этишча, Қирғизистонда қарийб 4,2 млн нафар киши коронавирус билан касалланади. Бош вазирнинг билдиришича, айни пайтда тахминан 67% аҳоли касалликни симптомпсиз бошидан ўтказмоқда ёки умуман юқтириб олмаган, яна қарийб 466 минг нафар қирғизлар касалликни енгил шаклда ўтказишмоқда.
Тожикистонда жами касаллар сони – 7 871 нафар, соғайганлар 6 653 нафарни ташкил этди. 63 нафар бемор вафот этди.
Туркманистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари расман тасдиқланмаган.
Афғонистонда жами 37 269 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 26 415 нафари соғайган, 1 344 нафар бемор вафот этган.
Ўзбекистонда касаллар сони – 31 983 нафар, соғайганлар 24 090 нафарни ташкил этди. 206 нафар бемор вафот этди.
Жаҳондаги сўнгги тенденциялар
ЖСТ раҳбари Т.Гебреисуснинг қайд этишича,пандемияга қарши курашда миллиардлаб маблағ талаб этилади ва кейинги уч ой муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бу вақтдан оқилона фойдаланиш учун инвестицияларни ошириш лозим.
Айни пайтда Ташкилотда Россиядаги вакцинани рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳам фикрлар билдирилди. ЖСТ вакили Ж.Барбосанинг маълум қилишича, бу вакцинани тавсия этиш учун у ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлиш керак.
Унинг қайд этишича, ушбу ташкилот бу масалада маълумот олиш учун Россиядаги бошқарув органлар билан мулоқот қилади. Ж.Барбоса керакли маълумотлар олинганидан сўнг ЖСТ уларни текшириб кўришини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, шундан кейингина вакцина ЖСТнинг барча талабларига жавоб беради ва хавфсиз, самарали бўлиб, беморларнинг ҳимоясини таъминлай олади, деб айтиш мумкин.
У ҳар қандай вакцина келгусида ишлаб чиқарилиши учун иккинчи ва учинчи босқичдаги клиник текширувлардан ўтиши керак.
Италияда касалланганлар сони тўққиз кундан буён ошиб бормоқда. 11 августда касалланишнинг кунлик сони 412 нафарни ташкил этган.
Буюк Британия миллий статистика хизмати (ons.gov.uk) мамлакатдаги бандлик тўғрисидаги ҳисоботни чоп этди. Унга кўра, пандемия бошидан буён 730 минг нафар британияликлар ишсиз қолганлар. Йилнинг II чорагида ишлаётган британияликлар 220 минг нафарга қисқарган. Бу глобал молиявий инқироздан кейинги 2009 йилнинг шу даври билан таққослаганда энг катта кўрсатгичдир.
Ўтган ойда яна 80 минг нафар фуқаро ўз ишини йўқотган. Кўпроқ қисман банд бўлган ёки ўз мустақил ишлайдиган британияликлар ҳамда 65 ёшдан катта бўлган фуқаролар ишсизликдан азият чекканлар. Айни пайтда мамлакат миқёсида ишсизлик даражаси икки йил олдинги ҳолатдаги даражада турибди (3,9%).
COVID-19 га қарши вакцина ва препаратларни ишлаб чиқиш чоралари ва олимларнинг тадқиқотлари
Индонезияда COVID-19 га қарши Хитой яратган вакцина синовларининг сўнгги босқичлари бошланди. "JakartaPost" нашрининг маълум қилишича, "SinovacBiotech" компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган вакцина текширувларида қарийб 1,6 минг нафар кўнгилилар иштирок этмоқда. Агар синовлар давомида вакцинанинг хавфсиз ва самарали экани тасдиқланса, Индонезия ҳукумати ушбу компаниянинг 250 млн. доза вакцинасини мамлакатга тарқатишни режалаштирмоқда.
Айни вақтда қатор мамлакатлар Россиянинг коронавирус инфекциясига қарши дунёдаги илк вакцинани рўйхатдан ўтказгани ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиришмоқда. Масалан, АҚШ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири А.Азарв "ABC" телеканалидаги чиқишида Қўшма Штатлар коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқишда унинг тез ишлаб чиқилганини эмас, самарадорлиги ва хавфсизлигига устувор аҳамият қаратишини маълум қилган.
"ТАСС" ахборот агентлигининг маълум қилишича, аввалроқ АҚШ президент маслаҳатчиси К.Конуэй Қўшма штатлар вакцина яратишда «анча қатъий» стандартлар тарафдори эканини қайд этди.
Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бу воқеага нисбатан ўз фикрларини билдирди. "Tagesschau" нинг маълум қилишича, ГФР Россия вакцинасининг сифатли, самарали ва хавфсизлиги ҳақида маълумотлар йўқлиги боис ундан фойдаланмоқчи эмас. Қайд этилишича, Европада вакцинани тасдиқлаш, унинг самарадорлиги ва хавфсизлигини исботлаш учун фармацевтик сифатини ва клиник тадқиқотлар тўғрисида етарли маълумотларни талаб этади.
Паул Эрлих институти ҳам вакцинани тезкор маъқуллашдан огоҳлантиради. Ушбу муассаса президенти К.Чичутекнинг маълум қилишича, ҳозирги пандемия шароитида барча тест синовлари бошқа вакциналар сингари эҳтиёткорлик билан ўтказилиши керак.
COVID-19 оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари
"ТАСС" ахборот агентлигининг тарқатган маълумотларига кўра, Европа комиссияси коронавирусга қарши курашиш учун 23 та лойиҳани қўллаб қувватлаш учун 128 млн. евро маблағ ажратди. Бу Европа комиссияси пандемияга глобал жавоб қайтариш учун маблағ тўплаш учун донорларнинг анжуманига қўшган ҳиссаси сифатида тақдим этган 1,4 млрд евронинг бир қисми. Лойиҳада 40 та давлатнинг 347 та тадқиқотлар гуруҳи, жумладан Евроиттифаққа кирмайдиган 16 та давлатнинг 34 та олимлар гуруҳлари иштирок этишмоқда. Ушбу лойиҳалар диагностика воситалари, даволаш ва вакциналарни яратишга, шунингдек, уларни янада самарали ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишга, касаллик тарқалишини назорат қилиш учун тиббий технологиялар ва рақамли воситаларни ишлаб чиқишга қаратилган.
11 августда Германия Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Мадрид ва Каталонияга бормасликка чақирди, деб хабар беради "Reuters".
Францияда эпидемиологик вазият ёмонлашаётганини маълум қилишди. Бош вазир Ж.Кастекснинг қайд этишича, қатор департаментлар тревога эълон қилиш даражасида турибди, деб хабар беради "AgenceFrance-Presse". Ҳар куни 2 мингта янги ҳолатлар қайд этилмоқда. Уч ҳафта олдин касаллар сони атиги минг нафарни ташкил этган эди. Ҳар куни 25 та касаллик ўчоқлари рўйхатга олинмоқда. Уч ҳафта олдин эса, бу кўрсатгич атиги 5 та эди.
Шу боис, аҳолининг ниқоб тақиб юриш амалиётини назорат қилиш чоралари кучайтирилади. Бош вазирнинг сўзларига кўра, департамент префектлари тез орада марказий ҳукуматдан тегишли фармон олишади.
Ҳукумат раҳбари шунингдек, мамлакатда 5 минг нафар киши иштирокидаги оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат бермасликни, карантин тадбирларини 30 октябрга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Тунис ҳукумати Франция, Бельгия ва Исландиядан келаётган барча фуқаролар учун мажбурий карантин жорий қилди, деб хабар беради "Синхуа" агентлиги. Тунисдаги мажбурий карантин бошқа кўплаб давлатлардан келаётган фуқароларга нисбатан ҳам амал қилади, бироқ юқоридаги давлатлар илгари коронавирус бўйича «яшил зона» га кирган, уларнинг фуқаролари Тунисда ҳеч қандай чекловларсиз саёҳат қилишлари мумкин эди.
Материал Ўзбекистон Республикаси
Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
томонидан тайёрланди.