Дунёда бундан-да яхши унвон йўқ!
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Дунёда бундан-да яхши унвон йўқ!
Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар,
Айтсам ҳар товшимдан сачраб чиқар чўғ.
Ҳар товши кўксимда Тангритоғ тиклар,
Дунёда бундан-да гўзал унвон йўқ.
Фақат шу унвон деб куйса бўлади,
Фақат шу арзийди одам жонига.
Байроқ каби қадаб қўйса бўлади,
Ёлғиз шу унвонни юрак ёнига.
Кўз ёш билан келар ҳақиқий шодлик,
Йиғлаб қувонаман, халқим, бахтингдан.
Гўрўғли кўринар ҳар битта отлиқ,
Қуёшлик излайман тола ёқтингдан.
Эркнинг жон сувидан ҳовучлаб олиб,
Ҳар битта ўзбекка сепгим келади.
Ўзбеклигим учун ўзгалар қолиб,
Ҳатто, ўзимни ҳам ўпгим келади.
Ҳур миллат нишонда туради мудом,
Уйғоқ бўлмоғи шарт ичи ҳам таши.
Кўзимни очиқ тут ё, Қодир Эгам
Қувончдан айланиб қолмасин бошим.
Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар,
Ҳар товши бир шунқор-ушлаб турар чўғ.
Шунқорим туғингни баландроқ тикла,
Дунёда бундан-да яхши унвон йўқ.
***
Шу уйнинг устида турган байроқни
Ёғоч тутқичидан оҳиста ечиб,
Ўзимнинг қўлимга ўрнатгим келар.
Хумоқуш ўтирган туғромизни ҳам
Михланган тахтадан аста ажратиб,
Юрагим устига ўрнатгим келар.
Озодлик деган шу бебаҳо сўзни,
Девордан беозор кўчириб олиб,
Яшириб қўйсайдим кўнглим уйига.
Мумгардиш ичига киргим келади;
Ҳар ҳарфин, ҳар товшин мадҳиямизнинг
Содиқ аскар каби қўриб ўтирсам
Ёмон қарашлардан, ёмон кўзлардан
Мен бадбин эмасман
Шубҳачи эмас.
Фақат кутиб-кутиб топганимизни,
Фақат қонлар ютиб топганимизни
Мана бу ёғочми, Тахтами, Девор-
Мумгардиш бир лаҳза ғафлатда қолиб,
Олдириб қўймаса дея қўрқаман.
Мен ушшоқ бўлсам-да,
Аёл бўлсам-да
Ўзимда тургани ишончлироқдай.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.