Дуал таълим: талабалар учун таништирув дарслари
2026-2027 ўқув йилидан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг мактабгача таълим йўналиши бўйича дуал таълим шакли йўлга қўйилди.
Унга мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли 400 дан ортиқ педагог кадр қабул қилинди. Шу муносабат билан институтда дуал таълим шаклига қабул қилинган педагоглар учун таништирув дарси ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагог кадрларни тайёрлаш ва касбий ривожлантириш сектори, институтнинг тегишли бўлим бошлиқлари, Мактабгача ва бошланғич таълим факультети масъуллари иштирок этди.
Таништирув дарси давомида дуал таълимнинг мазмун-моҳияти, уни ташкил этиш тартиби, таълим жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ва талабалар учун яратиладиган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, ўқувлар шаҳар ва туманлар кесимида Нукус шаҳри, Чимбой, Қўнғирот ва Элликқалъа туманларидаги таянч мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида марказлашган тартибда ташкил этилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири