ДТМ янги мезонлар асосида ишламоқда
Жадал тараққиёт таълим тизимининг яхши йўлга қўйилгани билан бевосита боғлиқдир.
Жадал тараққиёт таълим тизимининг яхши йўлга қўйилгани билан бевосита боғлиқдир. Маълумки, таълимдаги ислоҳотлар ривожланишнинг пойдевори бўлади. Мамлакатимизда бу борада амалий ишлар қилинмоқда. Биргина тест тизимидаги ўзгаришлар, янгиликлар бунга мисол бўла олади.
Иш бор жойда камчилик бўлиши табиий. Ўтган йилларда ўтказилган тест синовлари ҳам камчиликлардан холи бўлмаган. Сўнгги йилларда тест тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган ўта муҳим қарорлар асосида ўзгаришлар киритилди, янгиликлар жорий этилаяпти. Замонавий технологиялар асосида тест тизимини такомиллаштириш ишлари узлуксиз давом этаяпти.
1993 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) фаолияти шу вақтга қадар бирор марта очиқ кўрсатилмаган эди. Куни кеча оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди ва ДТМ бошқармалари фаолияти билан таништирилди.
Марказда ўттизга яқин тест туридан синовларни ўтказиш ишлари олиб борилаяпти.
– Барча тест турларидан кўра ёзги тест синовлари оғир ва синовли жараён, – дейди Давлат тест маркази директори Мажид Каримов. – Бунда норозиликлар бўлиши табиий ҳол. Ошкоралик, адолатлилик нуқтаи назаридан тест жараёнларини ташкил этишга ҳаракат қилаяпмиз. Лекин ҳали олдимизда талай вазифалар турибди. Жараёнларни техник кузатиш борасида ишлар қилинаяпти. Илк бор ташкил этилган бу очиқ саёҳат тизимнинг шаффофлигини ОАВ вакиллари кўриши, аҳолига етказиши учун ўтказилаяпти. Сизлар воситачисиз. Ёзги тест жараёнларида бир миллион ёш тест топширган бўлса, шундан юз мингга яқини талабаликка тавсия қилинди. Қолганлари норози бўлиши табиий. Бу аризачилар сони ва қабул квоталари билан боғлиқ. Йилдан-йилга талабаликка қабул квоталарини ошириш режалаштирилаяпти. Агар квоталар оширилаверса, тестга эҳтиёж ҳам қолмайди. Тест қачонки танлов бўлса амалга оширилади. Тест – билимни баҳолашнинг такомиллашган усули сифатида қаралмайди. Лекин ҳозирда бу танлов йўли асосий восита.
ОАВ вакиллари биринчи бўлиб тест марказидаги чет тилини билишга мўлжалланган хона билан танишди. Маълум қилишларича, кузатув камералари, намуна нусхалари, керакли ўқув қуроллари билан жиҳозланган аудиторияда ўқитувчиларнинг, чет тили бўйича имтиҳон топшириш истагини билдирган талабгорларнинг билимлари синовдан ўтказилади. Айни вақтда бу борадаги барча имтиҳонлар ДТМ биносида ўтказилмоқда. Маълумот учун, авваллари талабгорлар ўз вилоятида бу каби синовларни топширган. Норозиликлар ва муаммоларнинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш мақсадида бу каби синовлар эндиликда марказнинг ўзида топширилмоқда. Шу йилнинг октябрь ойидан бошлаб бу каби синовлар ҳар ойда ўтказиб борилаяпти.
Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармасида якунига етаётган 2019 йилда чет тилларини билиш бўйича тест синовлари ҳақида маълумот берилди. Тест синовларига 14 минг 869 фуқаро ариза берган. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар 3 минг 570 нафарни ташкил этмоқда.

– Давлат тест маркази ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тестларни ишлаб чиқди, – дейди Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов. – Шунингдек, рус тилини билиш даражаси бўйича стандартларга жавоб берувчи B1 ва B2 даражасидаги тест намуналари ҳам яратилган. Рус тилида 5 та кўникма – лексика ва грамматика, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш кўникмаларини синовдан ўтказувчи мазкур тестлар апробациядан ўтказилган. Мазкур тестлар таҳлили ва апробацияси бўйича маълумотлар Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Рус тили бўйича тест лойиҳасининг баҳолаш мезонида максимал балл 150 ҳисобланиб, 90 балл тўплай олган талабгорга сертификат берилиши мўлжалланган.
Ўзбек ва рус тилларидан тест лойиҳалари ҳали янгилик, қачон амалиётга жорий қилиниши ёки мазкур тестлардан керакли балл тўплаган талабгорларга кириш имтиҳонларида имтиёз берилиши билан боғлиқ ҳеч қандай янгилик йўқ.
2020-2021 ўқув йилидан мажбурий учта фаннинг ҳар биридан 15 тадан тест саволи берилади
Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бу бошқарма абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш, унинг шахсий кабинетини яратиш, рухсатнома олиш, абитуриентларнинг натижаларини кўрсатиш каби ишларни бажаради.
Сўнгги йилларда марказни АКТ билан таъминлаш, қабул жараёнларини осонлаштириш, қоғозбозликни камайтириш чоралари кўрилди.
Маълумки, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар республиканинг исталган ҳудудида ҳужжат топшириб, бошқа ҳудудда тест имтиҳонидан ўтиш имкониятига эга бўлди. Эндиликда абитуриентлар рўйхатга олинаётганида қаерда тест топширмоқчилигини кўрсатиши керак. Абитуриент ҳужжат топширганидан сўнг ҳужжатларнинг асли унинг ўзида қолади, олий таълим муассасаси томонидан фақат ўқишга кирган талабаларнинг ҳужжатигина уларнинг ўзидан қабул қилинади. Ҳужжатларни онлайн қабул қилиш тизими 2010 ўқув йилида жорий қилинган. Аммо буни қабул комиссиясининг ўзи аввал ҳужжатларни текшириб амалга оширган. Марказ мутахассислари абитуриентнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш жараёнларини кўрсатиб, тушунтириб берди.
Яна бир янгилик – 2019-2020 ўқув йилдан бошлаб учта ОТМни танлаш имконияти берилганидир. Фанларни танлаш жараёни хусусида ҳам маълумотлар берилди. Абитуриент олий таълим муассасасини танлаётган вақтда тест жараёнида саволларга жавоб бериши керак бўлган фани ҳам кўрсатилади. Маълумки, тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади. Яна бир муҳим ўзгариш – ҳар бир блок саволларининг 30 тадан этиб белгилангани. Бу жараёнда Буюк Британия, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилган. Шу билан бирга, келгуси 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тест синовларига мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ва қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари қўшилади. Мажбурий ҳисобланган учта фаннинг ҳар биридан 15 тадан савол берилиши режалаштирилаяпти.
Тест имтиҳонларининг шаффофлиги қай даражада таъминланган?
Бу савол ҳамиша муҳим бўлган ва ҳаммани қизиқтиради. Шу боис тест тайёрлаш жараёнлари билан танишиш биз учун ҳам қизиқ бўлди. Бунда экспертларнинг ишлаш жараёнини кузатдик. Уларнинг ишлаш тартиби билан яқиндан танишдик.
Ҳар бир ўқув фани бўйича тузилган тест топшириқлари мазмуни эксперт текширувидан ўтказилгандан кейинги босқичда синалувчиларда апробациядан ўтказилгач, унинг натижалари асосида талабларнинг кўрсаткичлари аниқланади ва баҳоланади.

Бунда тест топшириқларининг ишончлилиги, ўлчовларнинг аниқлиги, тест натижаларининг бегона тасодифий омиллар таъсирига нисбатан барқарорлиги, топшириқнинг мақсадга мувофиқлиги, қийинлик даражаси, чалғитувчи муқобил жавоблар, мазмунан аниқ бир фан бўйича тайёргарлик даражасини текширишга йўналтирилганлиги ва бошқа омиллар ҳам ҳисобга олинади.
Тестологлар қайси мезонлар асосида қабул қилинади?
Айни вақтгача Давлат тест маркази тестология бўйича ҳеч қандай маълумотларни ошкор этмаган. Бу соҳага қабул қилинадиган мутахассислар қайси мезонлар асосида қабул қилиниши, уларга қўйиладиган талаблар, бу йўналишда кимлар ишлай олишини ҳам кўпчилик билмайди. Пресс-тур давомида айни йўналишда ишлайдиган мутахассислар учун қўйиладиган талаблар маълум қилинди.
Соҳага талаб қилаётган фани бўйича мурожаат қилингач, уларнинг билимларини текшириш мақсадида индивидуал тарзда босқичма-босқич синовлардан ўтказилади. Мутахассислиги бўйича тайёрланган 50 та тест саволига жавоб бериши керак бўлади. Натижа ўша вақтнинг ўзида талабгорга кўрсатилади. Агар бу босқичдан ўта олса, кейинги босқичда улар тест саволларини экспертизадан ўтказишни амалга оширади. Фан юзасидан тест саволларини тайёрлаш вазифаси юкланади. Бу вазифанинг натижаси тестологнинг бу соҳада ишлай олиш ёки ишлай олмаслигини аниқлаб беради. Тестология бўйича ишга қабул қилингач, мутахассислар хорижий тажрибаларни ўрганиб, малака ошириб, билимларини мустаҳкамлагач, иш жараёнига жалб қилинади. Мажбурий тест жараёнларига киритилган учта фан кесимида талаб юқори бўлгани боис, учтадан тестолог мутахассис ишлаяпти. Йил давомида тайёрлаб борилган тестлар текширилади, сараланади, саволлар китоби шаклида тайёрлаш учун юборилади. Баъзи олий таълим муассасаларида информатика фани сақланиб тургани боис, ҳозирда 13 фандан йил давомида тест саволлари тайёрланмоқда.
Агар яхши мутахассис вилоятда яшасаю, марказга иш бўйича мурожаат қилса, у ишга олинадими?
Айни саволга мутахассислар агар яхши мутахассис вилоятда истиқомат қилса ҳам марказга мурожаат қилса ва белгиланган талаблардан ижобий натижага эришса, уни ишга олиб қолиш ва шарт-шароитларни яратиш чоралари кўрилади. Мурожаат қилаётган мутахассислар кўп эканини таъкидлаш жоиз.
ОАВ вакиллари учун мавсумий махсус ёпиқ режим фаолияти билан танишиш имконияти ҳам яратилди. Махсус режимга амал қилинадиган бинога ҳеч ким қўйилмайди. Фақат рухсат берилган ишловчилар кира олади, холос. Бу йўналишда фаолият юритадиган мутахассисларнинг бармоқ излари ва юзлари техник жиҳатдан текширилгач, бинога кира олади ва чиқиш имкониятига эга бўлади. Улар ҳам махсус текширувлар асосида ишлайди, доим назорат остида бўлади. Шунингдек, тестлар тайёрланадиган ва сақланадиган хонага кириш учун ҳам фақат белгиланган шахслар рухсатнома билан кира олади.

Ўзбекистонда тест синовлари ёз ойларига тўғри келгани боис, ДТМнинг белгиланган ходимлари махсус бинога киргач, маълум муддат ташқи муҳит билан алоқа узиб қўйилади. Бу юзага келиши мумкин бўлган турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, маълумотлар тарқалиб кетмаслиги учун кўрилган қатъий чорадир. Ичкарида ётоқхона, ошхона, спорт заллари ташкил этилган. Телефон, флешка, фотоаппарат, камера, диск ва бошқа ёзувчи мосламалардан фойдаланиш тақиқланади. Телефон сигналлари махсус глушителлар ёрдамида тутиб қолинади. Бу бино хоналарининг деразалари ҳам муҳрланган, хона марказий вентиляцион тизим орқали ҳаволантирилади. Видеокамералар ўрнатилган, ҳаракат, овоз ёзиб олинади, марказий видео кузатув орқали назорат қилинади.
Бу бинодан муҳрланган тест саволлари чиқарилади ва муҳрланган ҳолда жавоблар қабул қилиб олинади. Хўш, бу жараён қандай амалга оширилади? Маълум қилишларича, тестлар тайёр бўлгач, уни чоп этиш учун махсус бўлимга юборилади. Бунда чоп этилаётган саволлар китоби ақлли замонавий технологиялар асосида амалга оширилади. Тест бўлиши керак бўлган кунларда саволлар, жавоблар варақаси махсус муҳрланган қутиларга жойланиб, жойларга етказилади. Тест топшириқлари ва жавобларининг муҳрлари ҳам хавфсизлик қоидаларига амал қилинган ҳолда тайёрланади.
Жавоблар қай тартибда текширилади? Тест топшириқларини текширишда муаммо бўлмайдими? Натижалар қай даражада аниқликка эга? Агар абитуриент жавоблар варақасида адашган бўлса, қандай натижа қайд этилади?
Журналистларнинг бу каби саволларига мутахассислар жавоб берди.
Марказда жавоблар қабул қилиб олингач, текшириш учун махсус бўлимга юборилади. Жавоб варақаларини текшириш бўлими замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган. Жавоб варақаларини текшириш, тўғри жавобларни автоматик тарзда аниқлаб, базага киритиш махсус дастур асосида амалга оширилади. АҚШ ва Россия технологияси асосида жавоб варақалари сканер қилинади, иккита технология асосида аниқланган ахборотларнинг бир-бирига мослиги текширилади. Сўнг натижалар сайтда шу бўлим мутахассислари томонидан эълон қилинади.
– Агар аудиториянинг ўзида абитуриентга нисбатан далолатнома тузилмаган бўлса, биз унинг жавоб варақасини шикаст етган бўлса ҳам жавобини аниқлашга ва эълон қилишга мажбурмиз, – дейди мазкур бўлим масъули Жўрабек Эшниёзов. – Натижаларни аниқлаш жараёнида техникаларнинг ўзи жавоб варақасига шикаст етган бўлса, аниқлаб беради. Кейин у яна бир технология асосида текширилади. Икки технологиянинг жавоби яна бир текширув – назоратчининг ҳужжати билан ҳам солиштирилади. Ақлли технологияда абитуриент жавоб варақасини 20 фоиз миқдорида белгилаган бўлса, натижа чиқади. Бўлмаса, фақат ўша саволлардагина нотўғри натижа қайд этилади. Бу жавобларнинг ҳаммасига салбий таъсир кўрсатмайди.
Давлат тест маркази билан танишув жараёнида тизим сўнгги йилларда ислоҳ қилинаётгани, шаффофликни таъминлаш, абитуриентлар, ота-оналар ва кузатувчиларнинг ишончини оқлаш мақсадида амалий чоралар кўрилаётганининг гувоҳи бўлдик.