Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш ҳамда жамиятда миллатлараро, динлараро тотувликни мустаҳкамлашдир. Асосий қомусимизнинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенглиги кафолатланган. Бугун юртимизад 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. 157 та миллий-маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси”да миллатлараро муносабатлар ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш белгиланган.
Ана шу ҳужжатлар ва кўп миллати мамлакатимизда қарор топган бағрикенглик муҳити туфайли Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб аҳоли ҳам азалдан дўст-қардош бўлиб яшаб келмоқда. Бу миллат вакилларининг тили, адабиёти, урф-одатлари, ўзига хос санъат ва маданиятини сақлаш ва ривожлантириш учун яратилган шароит ва имкониятлардан ўзбекистонлик тожиклар ниҳоят мамнундирлар.
Лекин орада шундай пайтлар бўлдики, қон-қардош, қуда-анда халқлар орасига сунъий тўсиқлар қўйилди. Бир неча йиллар давомида ўзаро борди-келди ришталари узилди. Шундай ҳолатлар бўлдики, ака-укалар бир-бирларининг тўй ва бошқа хурсандчилик маросимлари, ҳатто азага ҳам боролмасдан қолди. Фақатгина икки давлат раҳбарларининг шахсий сиёсий иродалари ва бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда янги тарихий босқич бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Тожикистонга давлат ташрифини амалга ошириши мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очди.
Душанбе шаҳрида дўстона муҳитда олиб борилган музокаралар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришга асос бўлди.
Бир замонлар ёпиб қўйилган чегаралар 2018 йилнинг 1 мартидан очилиб, 9 та ўтиш пункти орқали ўзбек ва тожик халқларининг эмин-эркин ҳаракатланишларига имконият яратилди. Биз, самарқандликлар “Жартепа-Саразм” чегара пости йўли очилишида иштирок этдик. Ўша куни сим тўсиқлар ўрнини «дўстлик дарвозалари» эгаллади. Ўн йиллаб бир-бирини кўрмаган одамлар яна дийдор кўришди. Албатта, уларнинг хурсандчилигини, кўз ёшларини, икки мамлакат раҳбарларига миннатдорчилик изҳорларини сўз билан ифодалаш қийин.
Ўша дамда беихтиёр буюк форс-тожик шоири Абу Абдулло Рўдакийнинг қуйидаги байтлари ёдимга келди:
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Ҳар қанча бўлса ҳам оламда аччиқ,
Аччиқроқдир доно дўстдан айрилиқ.
(Ҳеч шодӣ нест андар ин ҷаҳон,
Бартар аз дидори рўйи дўстон.
Ҳеч талхӣ нест аз ин талхтар,
Аз фироқи дўстони пурҳунар.)
Тарих гувоҳ, буюк аждодларимиз ва мутафаккирларимиз Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий, Садриддин Айний ва Абдулла Қодирий, Мирзо Турсунзода ва Ғафур Ғулом, Лоиқ Шерали ва Абдулло Орипов, Низом Қосим ва Сирожиддин Сайид тожиклару ўзбекларнинг самимий ва соф дўстлигини тараннум этиб келганлар.
Ғафур Ғулом тожик ва ўзбек халқларининг яқинлиги борасида ширу шакар вазнида шундай деган:
Аз қадим ҳарду қудову андаанд,
Он писар – тожик, арўсаш ўзбек аст.
Модар аз Помир, падар – фарғонагӣ,
Ё худаш ўзбек, забонаш тожик аст.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги байтлари ҳам давраларда тез-тез такрорланади:
Дўсту қардошдир азалдан
Ўзбегим тожик билан.
Иккиси бир байт ғазалдан
Ўзбегим тожик билан.
Қай йўсин айлай қиёс мен
Бул ширин дўстлик сўзин.
Тотлидир болдан, асалдан,
Ўзбегим тожик билан…
Ўлмас Жамолнинг машҳур «Икки тилли бир халқ васфига» шеърини эса Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов маромига етказиб куйлайди:
Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар,
Рост гўям, ҳар кадоме севгилимдир жон қадар.
Она, деб айтсам бировин, ул бири менга падар,
Ҳамчу ду чашми сиёҳам икки халқ ҳам мўътабар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалларининг ўрнатилишини Тожикистонда ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Душанбеда Алишер Навоий номидаги хиёбон очилиши ва Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкалларининг устоз-шогирд мақоми акс этган ҳайкали ўрнатилиши эса тожик халқининг ўзбек халқига бўлган эҳтироми далилидир. Тошкент метрополитени станцияларидан бирига Мирзо Турсунзода номи берилиши ҳам адабий дўстлик ришталари янада мустаҳкамлигидан далолатдир.
Мамлакатимизда яшовчи тожикзабон фуқароларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги “Овози тожик” газетаси ҳафтада икки марта нашр этилмоқда. Бизнинг вилоятимизда эса “Овози Самарқанд” газетаси муштарийларга етказиб берилмоқда. Республикамиздаги бошқа ҳудудларида бўлгани сингари Самарқандда ҳам таълим тожик тилида олиб бориладиган ўрта мактаблар мавжуд. Самарқанд давлат университетида, Бухоро ва Фарғона вилоятлари олийгоҳларида тожик гуруҳлари ташкил этилган.
Бугун ўзбек ва тожик халқлари муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги абадий дўстлик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги ҳужжат асосида янада мустаҳкамланмоқда. Бу нафақат икки халқ, балки Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашнинг кафолатидир.
Биз, тожиклар Ўзбекистондай жаннатмакон Ватанимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшишни асосий мақсадимиз ва муқаддас бурчимиз деб ҳисоблаймиз. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек,
Бул қадрдон икки дўстга
Хоҳишимдир то абад
Топса бир маъно масалдан,
Ўзбегим тожик билан!
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА