Достоевскийнинг сўнгги романи ўзбек тилида
Бугун “Янги аср авлоди” нашриётининг Book.uz китоб дўконида Достоевскийни – “Ака-ука Карамозовлар” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёш китобхонлар, таржимонлар, адабиётшунослар иштирок этди.
Достоевскийнинг “Иблислар”, “Жиноят ва жазо”, “Қиморбоз”, “Телба” романларини ўзбек тилига ўгирган Иброҳим Ғофуров галдаги таржимаси барча китобхонлар учун кутилган асар эканини таъкидлаб, бу каби нодир асарлар ўқувчининг тафаккурини чархлашини айтиб ўтди.
– Достоевскийни илк бора бундан 50 йил олдин таржима қилишни бошлаганман. Мана, адибнинг 200 йиллиги арафасида Карамазовларнинг чоп этилиши катта совға бўлди. Бу китоб сизнинг ҳаётингизга кириб бориш учун шу ердан йўлга отланди. Ўйлайманки, у кўплаб кўнгилларни забт этади.
Таржимон йиғилган ёшларга таржима машаққати ҳақида гапирди.
– Эсимда, “Жиноят ва жазо” романи нашрдан чиққач катта шов-шув бўлганди,–дейди Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад. – Биз бир гуруҳ ижодкор ёшлар йиғилиб қолсак фақат шу роман ҳақида баҳс қилардик. Бир куни қайсидир йиғинда узоқдан Иброҳим акани кўриб қолдик.
Савлати босиб ёнларига бориб салом беришга иккиландик. Ахийри бир марта суҳбатларини олай деб ўзим бордим. Салом берсам майлими, деб сўрадим. Майли, дедилар кулиб. Билсам, бу инсон камтарин, самимий одам экан. Мана, орадан йиллар ўтиб ёнма ён ўтирибмиз. Карамазовларни тафаккурим ўссин деган ҳар бир китобхон ўқиши шарт.
Достоевскийнинг рафиқасига ёзган мактубларини ўқиб қаттиқ таъсирланганман. Аёл кишига бўлган хурмат-иззати таҳсинга лойиқ. Уни таржима ҳам қилмоқчи бўлганман, аммо мактублардаги меҳрни, муҳаббатни аслидек ифода қилолмаслигимни тушунганман. Иброҳим ака эса ушбу романни ҳам, ундан аввалги асарларни ҳам маҳорат билан ўгирган, унинг руҳига кира олган.
Ўйлаймизки, бу каби сара асарлар тақдимотлари давомли бўлади. Биз мухлислар номидан устоз таржимон Иброҳим Ғафуровга узоқ умр, хотиржамлик тилаб қоламиз.
Нодирабегим Иброҳимова,
Журналист