Дўстликни тараннум этган юрт
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 15-21 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилмоқда.
Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар кўтаринки руҳда бўлиб ўтаётир. Дастур доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида “Дўстликни тараннум этган юрт” номли ҳужжатли видеофильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Бағрикенглик ҳафталиги доирасида ўтказилаётган тадбирлар ва бундан кўзланган мақсад ҳусусида ҳамда фильмни яратиш билан боғлиқ жиҳатлар хусусида сўз юритди.

Ўзбекистон Республикаси кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев тақдимот иштирокчиларини қизғин қутлаб, бу саройда янги фильмларнинг тақдимотини ўтказиш анъанага айлангани ва бугунги тақдимот ҳам жамиятимизнинг муҳим соҳалари бўлган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликка бағишланганини қайд этди.
Фильм режиссёри Ғайратулла Шукуров томошабинларни ижодий гуруҳ ходимлари билан таништириб, картинанинг яратилиши хусусида атрофлича сўзлади.
“Дўстликни тараннум этган юрт” деб номланган мазкур фильм миллатлараро муносабатлар соҳасида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган.
Фильмда юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув, дўстлик ва аҳилликда яшаб келаётгани, мамлакатимизда бу соҳада олиб борилаётган миллий сиёсат акс эттирилади. Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида тўхталиб, 30 июль – “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда 30 июль “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани ва ушбу ташаббус кўпмиллатли халқимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олингани баён этилади.
Фильмнинг хронометражи 33 дақиқани ташкил қилади. Картинани суратга олишда қўмита матбуот хизмати ходимлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида хизмат сафарларида бўлишди. Фильмда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги ўзгаришлардан тортиб Андижон вилоятининг Хонобод туманида турли миллат вакилларига яратиб берилган шароитлар хусусида ҳикоя қилинади.
Фильмда мамлакатимизда олиб борилаётган ислохотлар, жумладан, тадбиркорларга яратилган шароитлар, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва бу ислохотларга турли миллат вакилларининг билдирган ижобий фикрлари ҳам ўрин олган.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши даврида бошпанасиз қолган минглаб турли миллат вакилларини ўз бағрига олган Ўзбекистон халқи ўзининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлигининг тимсоли сифатида Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи шарафига яратилган монументнинг пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонига ўрнатилганлиги ҳақида ҳам батафсил ҳикоя қилинади.

Юртимизда мавжуд 10 мингдан зиёд мактабнинг 2 минга яқинида қардош тилларда таълим-тарбия олиб борилиши, ўзбек тили билан қўшиб ҳисоблаганда 7 тилда дарс ўтилиши қонуний таъминлангани ва мана шу етти тилда давлат томонидан дарсликлар, ўқув қўлланмалари ҳам мунтазам равишда чоп этиб борилишига алоҳида урғу берилган.
Фильм тақдимотидан сўнг миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА