Дўстлик ва тинчлик мадҳ этилди
Санъат тил, миллат танламайдиган наволар таржимонсиз, ҳеч бир воситасиз инсон юрагига кириб боради.
Халқаро “Лазги” фестивали ҳам дилларни дилларга, элларни элларга боғлади.
Маданиятни, маънавиятни тарғиб этиб, дўстлик ва тинчлик мадҳ этилди. Бу жиҳатлар Хивада бўлиб ўтган Халқаро “Лазги” фестивалида яна бир бор ўз ифодасини топди.
Халқаро “Лазги” фестивалида дунёнинг 30 га яқин давлатидан келган маданият ва санъат соҳасининг забардаст вакиллари иштирок этди. 175 дан ортиқ иштирокчилар ўз чиқишларини тақдим этдилар. Ҳар бир халқнинг миллий ва ўзига хос йўналишдаги рақслари маҳорат билан ижро этилди. Улар томошабинлар томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди.
Ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар фестивални юқори савияда ташкил этилганини эътироф этишди. “Лазги” рақси ўзининг беқиёс сеҳри, жозибаси ва таровати билан турли миллат ва элатларни бирлаштирувчи таъсирчан санъат воситаларидан бири эканлигини таъкидладилар.
Фестивал сўнггида бир-биримизга эсдалик совғалар улашдик.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси
маданият вазири