Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт
Бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган мамлакатимизда ўзаро бағрикенгликка асосланган ижтимоий сиёсат юритилаётгани эллар ўртасидаги бирдамликни янада мустаҳкамламоқда.
Муқаддас Рамазон Ҳайити арафасида Наманган вилоятида қирғиз, тожик, татар, рус, корейс каби ўнлаб миллатга мансуб фуқаролар яшовчи 133 та маҳаллада дўстлик ва ҳамжиҳатликка йўғрилган “Ватан ягонадир, Ватан биттадир!” шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Давлатобод туманидаги Елхон маҳалласида бошланган шодиёна чинакам халқ сайлига айланди. Маҳалланинг асосий кўчаси байрамона тус олди. Тантанали тадбирни вилоят ва туман раҳбарлари, нуронийлар, фаоллар, маҳалланинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган жамоатчилиги “Байроғим – фахрим маним!” шиори остида “Саломатлик учун 5000 қадам” акцияси билан бошлаб бердилар.

Наврўз шукуҳи кезиб юрган фусункор дамларда сумалак ва баҳорий таомлар пиширилиб, турли кўргазмалар ташкил этилди. Миллий ўйинларимиз, арқон тортиш, тош кўтариш мусобақалари, айниқса, спортчи-ёшларнинг, дорбоз ва санъаткорларнинг бадиий чиқишлари кўпчиликка завқ уланди.

– Маҳалламизда 3 минг 200 га яқин аҳоли аҳил-иноқ истиқомат қилади. Шу жумладан, икки мингга яқин қирғиз миллатига мансуб фуқароларни эмин-эркин яшаб, ўз қадриятларимизни тарғиб этишимиз учун барча шароитлар яратилган, – дейди Елхоннинг кайвони нуронийси Мамажон ота Ортиқов. – Бир ариқдан сув ичадиган, тили, дили, дини бир, мақсадлари муштарак икки халқнинг дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, “Учқўрғон – Кенгсай” чегара постининг очилгани армонга айланган узоқ йиллик орзуларимиз ушалишига имкон берди. Бизни Наманган вилоятимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга Қирғиз Республикасидаги миллатдошларимиз ҳавас билан қарашади. Бу эса, бизга ўзгача фахр, ифтихор бағишлайди.

Дарҳақиқат, кўп миллатли юртимизда ўзаро тотувлик ва бирдамлик тамойиллари устувор бўлиб, ҳар бир байрам катта шодлик билан ўтади. Дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами Учқўрғон туманида “Буюк келажакни бирга қурамиз” шиори остида юқори кайфиятда ўтказилди.
Хусусан, Чек, Қумтўғон маҳаллаларида миллий халқ ўйинлари, концерт дастури, спорт мусобақалари ва ҳунармандчилик кўргазмалари уюштирилиб, уларда ёшлар, нуронийлар, ижодкорлар ва кенг жамоатчилик фаол қатнашди.
“Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида байрам тантаналари бугун Косонсой тумани маҳаллаларида ҳам қизғин руҳда ўтмоқда. Ўрикзор маҳалласидаги тадбирда сумалак, палов ва бошқа миллий таомлар тайёрланди. “Дўстлик боғи” ташкил этилди.
“Ватан ягонадир, Ватан биттадир!” шиори остида амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, шунингдек, заргарлик, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчилик намойиши ўтказилди. Миллий ва спорт ўйинлари, миллий либослар кўргазмаси, “Адабий кўрик”, “Меҳр-оқибат дастурхони” шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари йиғилганларга хурсандчилик улашди.

Янгиқўрғон туманидаги сўлим Ўнғор тоғи ёнбағрида жойлашган Оқтепа маҳалласида Наврўз ва Рамазон Ҳайити кўтаринкиликда нишонланмоқда.
Халқ сайли тарзида кечаётган тантаналарда сумалак, ҳолвайтар, ош, ўймаю кўк сомса каби миллий таомларнинг тайёрланиши, кураш, “Оқ теракми кўк терак”, арқон тортиш, топтош, хўроз уриштириш каби миллий ўйинлар ёшларда азалий қадриятларни ҳурмат қилиш туйғуларини янада оширмоқда.

Уйчи тумани маҳаллаларида бўлиб ўтаётган бағрикенглик ва бирдамлик байрам сайилларида миллий ва спорт ўйинлари, турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари йиғилганлар эътиборини тортди. Фаол нуронийлар, томорқасидан самарали фойдаланаётган хонадон эгалари эътироф қилинди.

“Ватан ягонадир, Ватан биттадир!” шиори остида байрам тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Байрам тадбирида Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА