Дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннум этилди
Жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги У. Юсупов ҳамда Сирдарё туманининг Ишонч ва Янгиобод маҳалласида "Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт" шиори остида бугун ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда миллатлараро тотувлик чинакам ифодасини топди.
Боёвут ва Сирдарё туманларида ўтаётган маънавий-маърифий тадбирларда халқимизнинг минг йиллик анъаналари, азалий қадриятлари қаторида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик хислатлари янада яққолроқ намоён бўлди.
Боёвут ва Сирдарё туманларида ҳам 30 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, эл-юрт равнақи, мамлакат фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Уларнинг таълим олиши, ўз қизиқиш ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаши ҳамда ривожлантириши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган.
[gallery-22559]
Соат 10:00 да бошланган байрам тадбирларида маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирокида миллий ўйинлар – арқон тортиш, беш тош, чиллак, шунингдек, шахмат ва шашка мусобақалари ташкил этилган бўлса, амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, гиламдўзлик, заргарлик, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчилик ишларининг намойишлари, китоблар кўргазмаси, расмлар чизиш танлови, турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари ҳамда концерт дастурлари, оқсоқолларнинг дуолари ва иштирокчиларнинг шодлиги "Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт" шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирга ўзгача файз бағишлади.
– Сирдарё туманининг Ишонч ва Янгиобод маҳалласида ўтказилаётган "Миллатлар дўстлиги" фестивалида Тожик, Рус, Қозоқ миллий маданий марказлари қатори Қирғиз миллий маданий маркази вакиллари ҳам фаол иштирок этяпти, – деди Қирғиз миллий маданий маркази фаоли, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" СДП фракцияси аъзоси Нодира Жонибекова. — Рости, бугун ўтказилаётган байрам барчага ўзгача хурсандчилик бахш этган. Буни эса, иштирокчиларнинг юзидан, сўзидан ўқишингиз мумкин. Бугун ўтказилаётган байрам тадбирига бошқа эллар ва миллат вакиллари қаторида Қирғиз миллий маданий маркази аъзолари ҳам қизғин тайёргарлик кўриб келишган. Энг асосийси, Ўзбекистон тинчликни тарғиб қиладиган, дўстлик ва бағрикенгликни тараннум этган юрт. Ўйлайманки, мана шундай байрамлар Ўзбекистонга ярашади.
Нафақат бугун, балки йил давомида Сирдарёда миллий-маданий марказлар билан ҳамкорликда ўқув юртларида, маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар, суҳбатлар ва турли тадбирлар миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда", "Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт" каби шиорлар остида ташкил этилаётган фестиваллар кўп миллатли воҳа аҳолисининг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурган.
Дўстликни, ҳамжиҳатликни улуғловчи ва мадҳ этувчи байрам тадбирлари Сирдарёда давом этяпти.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари