
Ҳозир юртимизда миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барчага миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак ташаббуси билан Нурафшон шаҳридаги “Тонг” маданият саройида ташкил этилган хайрия тадбирлари дўстлик ва бирдамлик байрами сифатида қадрланди.

Унда юртимизга келган Корея Республикаси Бирлашган Маданият Тараққиётлари институтининг раиси, Демократик тинчликни таъминлаш Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Ра Жонг Еок бошчилигидаги 40 нафардан ортиқ делегация аъзолари, ЎзЛиДеП Тошкент вилоят Кенгаши раҳбарияти, маҳаллий ҳокимият ҳамда депутат В.Пакнинг Тошкент вилоятидаги сайлов округлари ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган аҳоли вакиллари қатнашди.
Учрашувда сўз олганлар мазкур тадбир “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг жамиятда миллатлараро тотувлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бешинчи устувор йўналиши доирасида ташкил этилганини таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги корейс диаспораси давлатимиз танлаган тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлаган ҳолда меҳнат қилиб, тинчлик-тотувликда ҳаёт кечираётгани, юртимизда сўнгги етти йилда миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамлангани эътироф этилди.

Тадбир иштирокчилари сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида имзоланган алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларация сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий техник ва маданий-гуманитар соҳаларда иккала давлат ўртасидаги ҳамжиҳатликни чуқурлаштиришга қаратилган Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари тарихида янги босқични бошлаб бергани ҳақида сўз юритди.

– Бугунги тадбир Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстлик ифодасидир, – дейди Корея Республикаси Бирлашган Маданият Тараққиётлари институтининг раиси, Демократик тинчликни таъминлаш Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Ра Жонг Еок. – Албатта, имконияти чекланган шахслар биринчи бўлиб ёрдам олишлари керак. Бу борада мамлакатларимизнинг умумий жиҳатлари кўп. Ишонаманки, келгусида бу йўналишдаги ҳамкорликлар янада кенгаяди.
Тадбир доирасида имконияти чекланган шахсларга Корея Республикасидан беғараз ёрдам сифатида 5 та электрон ва 10 та механик –ногиронлар аравачаси, 20 та қўлтиқтаёқ, шунингдек, Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасига замонавий реабилитация воситалари топширилди.

А.Мусаев,ЎзА.