Дўстлик, ҳамжиҳатлик - улуғ саодат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “халқ дипломатияси” тамойили асосида Болтиқбўйи мамлакатларидаги ҳамкор ташкилотлар ҳамда ватандошларимиз билан мунтазам, ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида “Ўзбекистон-Латвия”, “Ўзбекистон-Литва” дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ижтимоий-сиёсий, маданий соҳаларда турли тадбирлар ўтказилди. Айтиш ўринли, Болтиқбўйи мамлакатлари билан дўстлик муносабатларини ривожлантиришда мазкур маърифий тузилмаларнинг ҳам муносиб ўрни бор.

Ушбу дўстлик жамиятлари 1998 йилдан бери ўз фаолиятини халқ дипломатияси асосида юритиб келмоқда. Жамиятларнинг фаолияти, чет элда замонавий Ўзбекистон ҳақида холисона тасаввурни, унинг моддий ва маънавий салоҳиятини, тарихий, маданий ва маънавий-ахлоқий меросини намойиш этиш, Ўзбекистоннинг дунёдаги маданий нуфузини сақлаб қолиш ва кенгайтиришга қаратилган. Жамиятлар бу ишни чет эллардаги ваколатхоналар, шунингдек, республикамиздаги дунё халқларининг маданий марказларининг фаол ва мақсадли фаолиятини ташкил этиш орқали амалга ошириб келмоқда.
“Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамияти ва Латвияда истиқомат қилаётган ватандошлар ўртасида ҳам алоқалар таҳсинга лойиқ. Болтиқбўйидаги ватандошларнинг “Сўғдиёна”, Литвадаги “ўзбек маданий маркази” каби нодавлат ташкилотлари ҳозирги кунда жадал фаолият олиб бормоқда. Улар билан ҳамкорликда кўплаб конференциялар, давра суҳбатлари, дўстлик ва маданият кечалари ўтказилмоқда.
Талаба ёшлар ўртасида ташкил этилган “Сиз Ўзбекистоннинг Болтиқбўйи (Латвия, Литва, Эстония) давлатлари билан дўстлик алоқаларини биласизми?” мавзуидаги викторина ҳам юқоридаги амалий ишларнинг давомидир. Бундан кўзланган мақсад, Ўзбекистон ва Болтиқбўйи мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали дўстлик алоқоларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги ташқи сиёсат борасида ёшларнинг билим ва тафаккурини бойитишдан иборат.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, ушбу викторина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон-Латвия”, “Ўзбекистон-Литва” дўстлик жамиятлари, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий, Тошкент давлат техника университетлари томонидан ташкил этилди.
Мазкур тадбирда юқоридаги олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этди. Танловда Тошкент давлат техника, Ўзбекистон Миллий ҳамда Тошкент давлат транспорт университетларининг 6 кишидан иборат жамоалари (ҳар бир университетда битта жамоа) ўзаро 3 та шарт бўйича беллашади.
Унда жамоалар Ўзбекистон ва Болтиқбўйи мамлакатлар – Латвия, Литва ва Эстония билан алоқаларга оид тақдимотлар, Болтиқбўйи давлатларининг анъаналари, урф-одатларига асосланган бадиий чиқишларни намойиш этди. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар, жаҳондаги жараёнларга оид саволларга жавоб берди.
Мазкур лойиҳада ғолиб бўлган жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Танлов жараёнида дўстлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик улуғ саодатлардан экани яна бир карра намоён бўлди.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири