Дориломон янада обод маскан бўлади
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жойларда кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Натижада туманлар, қишлоқлар қиёфаси, инфратузилмаси тубдан яхшиланмоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги ортмоқда.
Айни кунда 350 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Шаҳрихон тумани нафақат Андижоннинг, балки мамлакатимизнинг энг обод масканларидан бири ҳисобланади. Айниқса, Шаҳрихон туманидаги ҳунармандчилик, деҳқончилик, тижоратчилик тажриба мактаблари довруғи кенг тарқалган.
Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида тумандаги Дориломон ва Қуруқсой маҳаллаларида умумий қиймати 21 миллиард 267 миллион сўмдан зиёд ҳажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.
Дастур доирасида маҳаллаларда 8,9 километр узунликдаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш, 13,5 километр узунликдаги сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 4 та трансформатор, эски ёғоч устунлар ўрнига бетон таянч устунлар ўрнатиш, 16 километр электр тармоғини тортиш, газ таъминотини яхшилаш бўйича 4 та газ тақсимлаш пунктини таъмирлаш, 0,5 километр узунликдаги янги газ тармоғини тортиш, аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш мақсадида 6,2 километр алоқа тармоғини тортиш белгиланган.
Бундан ташқари, маҳаллаларда 2 километр пиёдалар йўлакчаси барпо этиш, 1 километр ирригация тизимини қуриш ва таъмирлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари, маҳалла гузари, савдо шохобчалари қуриш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари – битта мактаб ва битта давлат мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Йилнинг деярли ярми ўтган бўлса-да, тумандаги Дориломон маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишлар бошланмасдан турди. Бунинг сабабини билиш учун маҳаллада бўлдик.
Айни кунда маҳалладаги 500 дан зиёд хонадонда 3 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– “Обод маҳалла” дастури асосида эрта баҳорда кўримсиз, авария ҳолатдаги маҳалла фуқаролар йиғини биноси капитал таъмирланди, – дейди МФЙ раиси Ёдгорбек Қўчқоров. – Бутунлай янгича қиёфа касб этган идорада самарали ишлаш учун барча шароитлар яратилди. Шунингдек, кўчалар ободонлаштирилиб, гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, шундан кейин ишлар тўхтаб қолган.
– Йил бошида маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастурига тушганини эшитиб жуда хурсанд бўлган эдик, – дейди Дориломон маҳалла фаолларидан бири Ойбек Расулов. – Дастур асосида бажариладиган ишлар натижасида аҳолини қийнаб келаётган кўп муаммолар ижобий ечимини топади. Лекин йил яримласа ҳамки дастур доирасидаги йўл, газ, электр ва ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ ишлар бошланмади. Маҳалламизнинг собиқ раисидан бунинг сабабини сўраб, аниқ жавоб ололмадик. Шундан сўнг вилоят ҳокимининг сайёр қабулига бориб, муаммони етказдик.
[gallery-7833]
Вилоят ҳокими узоғи бир ҳафтада иш бошланади, деб мутасаддиларга топшириқ берди. Айтилганидек, бир ҳафта ўтмасдан туман “Сув таъминоти” корхонаси вакиллари келиб, иш бошлашди.
– Маҳаллада жами 6,5 километр сув тармоғи таъмирланади, маҳалланинг Шоҳкўча кўчасига 1,8 километр янги сув тармоғи тортилади, – дейди туман “Сув таъминоти” корхонаси раҳбари Ҳасанбой Тожибоев. – Имкониятларимиз етарли, дастур доирасида белгиланган ишларни сифатли, ўз муддатида якунлаймиз, маҳалла аҳолисининг ичимлик сув масаласидаги муаммоси тўла бартараф этилади.
Дастур доирасидаги ишлар нима сабабдан тўхтаб қолганлиги, йилнинг ярми ўтса-да асосий ишлар бошланмаганлигини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилдик.
– Мутасадди муассасалар томонидан лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш, шунингдек, бажариладиган ишлар бўйича тендер танловини ўтказиш бироз кечикди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Илҳомжон Аҳмедов. – Ҳозирда қатор йўналишлар бўйича бажариладиган ишлар лойиҳалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, тасдиқланди, тендер танловлари ўтказилди. Сув таъминоти корхонаси томонидан ишлар бошлаб юборилди. Сув трубалари кўмилиб бўлингач, йўлларни таъмирлаш ишлари бошланади, 3 километр узунликдаги маҳалла йўлига цемент-асфальт ётқизилади.
Шу кунларда электр таъминоти корхонаси мутахассислари ҳам иш бошлайди. 2 та трансформатор ўрнатилиб, 10 километр узунликдаги электр тармоғи тортилади, эски устунлар янгисига алмаштирилади. Бошқа йўналишлардаги ишлар ҳам тез кунларда бошланади. Маҳалладаги 49-давлат мактабгача таълим ташкилоти 1972 йилда қурилган. Аслида 90 ўринли, лекин мослаштирилган мазкур муассасада ҳозирда 250 нафар бола тарбияланмоқда.
– Қарийб ярим аср аввал қурилган боғчамиз биноси янгиланишга муҳтож, – дейди МТТ мудираси Гулзода Мамарасулова. – Мутахассислар келиб, боғчамизни кўриб, лойиҳалар тайёрлаб кетди. Насиб этса, “Обод қишлоқ” дастури доирасида боғчамиз учун янги бино қуриб берилади. Бу нафақат болажонларни, боғча жамоасини, балки бутун маҳалла аҳолисини беҳад қувонтиради.
Дориломон маҳалласида турли сабабларга кўра, кеч бошланган “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган ишлар ишонамизки, бундан буён тўхтаб қолмайди. Маҳалла ривожига, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қиладиган дастур доирасидаги ишларнинг бажарилишини биз ҳам кузатиб борамиз.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов,ЎзА