"Dori-Darmon" АК “SNS Ratings” рейтенгида
“SNS Ratings” рейтинг агентлиги “DORI DARMON” акциядорлик компаниясига 2021 йил 1- ярим йиллик натижалари бўйича миллий шкалада (uz) “A+” даражада "БАРҚАРОР" прогнози билан қимматли қоғозлар эмитенти корхонасининг рейтингини берди.
Кўриб чиқилаётган давр якуни бўйича “DORI DARMON” АК фаолиятининг асосий кўрсаткичлари барқарор ўсишни кўрсатди, дейилади компания расмий веб-сайтида. Бунда 2021 йил 1- ярим йилликда компаниянинг активлари 2020 йил 1- ярим йиллигига нисбатан 35,94 фоизга ўсди ва 362,4 миллиард сўмга етди.
2021 йил 1- ярим йиллик якуни бўйича “DORI DARMON” АК нинг ликвидлик кўрсаткичлари юқори даражани кўрсатди. Кўриб чиқилаётган даврда “DORI DARMON” АКнинг юқори ликвидли ва жорий активлари барқарор ўсди, бу эса ўз навбатида, корхонанинг мутлақ ликвидлик коэффициентининг мустаҳкамланишига олиб келди. Шу билан бирга, “DORI DARMON” АК нинг муддатли ликвидлик коэффициенти 4,86 фоизни ташкил этди, жорий ликвидлик коэффициенти эса тавсия этилган даражадан анча юқори – тавсия этилган 60 фоиздан 179,13 фоиз даражада бўлди.
2021 йил биринчи ярим йиллигида “DORI DARMON”АК нинг хусусий капитали 45,16 фоизга ўсди ва 127,2 миллиард сўмни ташкил этди. Капитал базасининг ўсиши натижасида кўриб чиқилаётган даврда компаниянинг молиявий мустақиллиги ва рентабеллиги кўрсаткичлари ижобий динамикани ва юқори ўсишни кўрсатди. Савдо даромадлари 133,2 миллиард сўмгача ошди – 2020 йил 1 ярим йиллик якунига нисбатан 5 баробарга, ялпи даромад эса 7,7 миллиард сўмни ташкил этди. Натижада 2021 йил 1 ярим йиллик якуни бўйича, бошқарувнинг олиб борган малакали фаолияти туфайли, “DORI DARMON” АК 6,4 млрд. сўм ҳажмда соф фойда билан чиқди ва шу давр бўйича корхонанинг активлар ва хусусий капитал рентабеллиги кўрсаткичлари мос равишда 1,78 фоиз ва 5,08 фоизни ташкил этди.
Ушбу кўрсаткичлар “DORI DARMON” АК акцияларининг инвестицион жозибадорлиги ва акциялар қимматли қоғозлар иккиламчи бозорида айланишини оширишга, шунингдек, корхона халқаро молия бозорига чиқишини таъминлашга ва давлат кафиллигисиз тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишга имкон беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА