Дўппи, атлас ва миллий қадриятларимиз Калифорнияда намойиш этилди
АҚШнинг Купертино шаҳрида ўтказилган “Kids’N Fun Festival”да ўзбек диаспораси юртимиз маданияти ва анъаналарини кенг намойиш этди.
Дунёнинг 20 га яқин мамлакати иштирок этган фестивалда Ўзбекистон павильони ўзининг миллийлиги ва ранг-баранглиги билан меҳмонлар эътиборини тортди. Дўппилар, миллий либослар, хонатлас ва атлас матолар, амалий санъат намуналари — буларнинг барчаси павильонга ўзбекона файз бағишлади.

Айниқса, болаларнинг қизиқиши юқори бўлди. Улар ўзбек миллий либослари, урф-одатлари ва ҳунармандчилик намуналари билан танишди. Меҳмонларга Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, гўзал шаҳарлари ва сайёҳлик масканлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Тадбирда фаол иштирок этган Шимолий Калифорниядаги ўзбек жамоатчилиги маркази вакиллари ўзбек маданиятини хорижда тарғиб этиш билан бирга, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.
Зеро, миллий қадриятлар чегара билмайди. Бир дўппи, бир атлас мато ёки миллий таом ортида бутун бир халқнинг тарихи, меҳри ва маданияти мужассам. Калифорниядаги ушбу фестиваль ҳам ўзбекона қадриятларни дунёнинг турли бурчакларида янада кенг танитиш учун ўзига хос майдон бўлди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА