Дон – дастурхонимиз файзи, мўл даромад манбаи
Жорий йилда Сурхондарё вилояти ғаллакорлари 89минг 325 гектар майдондаги бошоқли дон экинларининг ҳар гектаридан ўртача 86 центнердан ҳосил олишни мўлжалламоқда. Ёки ўтган йилги хирмонга нисбатан ҳар гектар ердан 9,5 центнерга кўп дон йиғиб олинади.
Ғаллачиликда бой тажрибага эга вилоят деҳқонлари бу маррани эгаллаш учун эрта куздан сифатли шудгорланган 89 минг 325 гектар майдонга барака уруғи сепиб, бир текис ундириб олди. Об-ҳавонинг ғаллакорлар учун мўътадил келгани ўтган даврда майсаларни мавжуд агротехник тадбирлар асосида парваришлаб, бўлиқ ҳосил тўплашга хизмат қилди. Баҳор фаслининг нисбатан илиқ келаётгани бошоқларнинг эртароқ пишиб, етилишига олиб келди. Шу кунларда вилоятнинг Термиз, Жарқўрғон, Ангор, Музработ каби туманларидаги эртаги ғаллазорларда майсалар олтиндек товланмоқда.

Дон – дастурхонимиз файзи. Тўкин турмушимиз, фаровон ҳаётимиз белгиси. Ғаллакорлар учун даромад манбаи. Шу боис ҳам юртимизда деҳқонлар бошоқли дон парваришига куздан то майсалар пишиб етилгунча ўзгача меҳр беради. Ҳосили пишиб қолган далалардаги бошоқни тез кунларда мисқолигача йиғиштириб олади. Жумладан, ўтган йил ҳам воҳа ғаллакорлари мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, 89 минг 300 гектар майдонда бошоқли дон етиштирди. Ғалвир сувдан кўтарилганда қабул масканларига 18 минг 252 тонна уруғлик, 229 минг 667 тонна товар дон топшириб, режани ортиғи билан бажарди. Ўртача ҳосилдорлик 76,5 центнерни ташкил этди.

Бу йил 89 минг 325 гектар асосий майдонда маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ғалла етиштирилмоқда. Шунингдек, 8 минг гектар майдонда чорва озуқаси учун ва 782 гектар боғ, токзор қатор ораларида бошоқли дон парваришланмоқда. Мавжуд майдонлардаги ҳосилни чамалаб кўрган ғаллакорлар ҳар гектар ердан ўртача 86 центнердан хирмон кўтаришни режалаштирмоқда.

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассисларининг айтишича, воҳада бошоқли дон ҳосилдорлигининг йилдан-йилга ошаётгани ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу давлатимизнинг бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш, юқори сифатли уруғлик материаллари тайёрлаш, агротехнологиянинг илғор усулларини қўллаш ва фермер хўжаликларини рағбатлантириш механизмларини жорий этиш, бошоқли дон харид нархларини ошириш юзасидан амалга ошираётган ислоҳотлари натижасидир. Кафолатланган бошоқли дон ҳосили етиштиришда фермер хўжаликларининг минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш, суспензия сепиш каби муҳим агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ўтказилаётгани самарасидир.
Маълумотларга кўра, вилоятда жорий йилги ҳосилдорликни янада ошириш учун ҳар гектар майдонга уч тоннадан маҳаллий ўғит жамғарилиб, ҳар беш гектар ғаллазорнинг сув кириш қулоғига биттадан хандақ қазилди. Бегона ўтларга қарши гербицид, “Занг” касаллигининг олдини олиш учун фунгицид, зараркунандаларга қарши инсетоакарицид моддалари билан ишлов берилди. Майсаларни махсус пуркагичлар ёрдамида суспензия усулида баргидан озиқлантиришга эътибор кучайтирилди. Белгиланган муддатларда суғорилиб, баҳорги азотли ўғит билан озиқлантирилди.
Бу йил ҳосил нисбатан эртароқ пишиб етилаётган Музработ тумани ғаллакорлари 12 минг 500, жарқўрғонликлар 7 минг 877, ангорликлар 6 минг, Термиз тумани ғаллакорлари 2 минг 900 гектар майдондаги бошоқли донни ўриб-йиғиб олиш учун пухта ҳозирлик кўрди. Ўрим комбайнлари ва дон ташиш техникалари шай ҳолатга келтирилди.
Вилоятнинг Шўрчи туманида 187 фермер хўжалиги 6 минг 347 гектар майдонда буғдойнинг ҳудуд иқлимига мос, серҳосил, эртапишар “Алексейвич”, “Гром” навларини экиб, парваришлади. Барча агротехник тадбирлар тажрибали ғаллакорлар маслаҳати асосида амалга оширилиб, мўлжалдаги ҳосил тўпланди. Бепоён майдонларда сарғая бошлаган ғалла ҳосилини нобуд қилмай йиғиб олиш учун тайёргарлик ишлари ҳам бошланди. Шу мақсадда 9 та ўрим-йиғим отряди ташкил этилиб, 21 та юқори унумли замонавий комбайн мавсумга тахт қилиб қўйилди.
Долзарб мавсумни қисқа кунларда якунлашни режалаштираётган туман ғаллакорлари бу йил қабул масканларига 23 минг 490 тоннадан ортиқ сара дон топширишни кўзда тутмоқда. Бу хирмонга тумандаги Мулкомонов Тўрамурод фермер хўжалиги ғаллакорлари ҳам муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаган.
– Ўтган йил куз фаслида 42 гектар ерга супер элита авлодига мансуб “Алексейвич” навли буғдой уруғини экиб, бир текис кўкартириб олган эдик, – дейди тажрибали фермер Абдурашид Мулкомонов. – Саккиз нафар деҳқонимиз бетиним меҳнат қилиб, барча агротехник тадбирларни сифатли амалга оширди. Белгиланган муддатларда суғориб, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирди. Бегона ўтлардан тозалади. Натижада мўл ҳосил тўпланди. Ғаллазор ўримга тайёр бўлиши билан йиғиштириб олишни бошлашга ҳозирлик кўряпмиз.
Вилоятнинг Қизириқ, Бандихон, Қумқўрғон, Олтинсой, Денов, Сариосиё каби туманларида ҳам ҳосилни исроф қилмай, йиғиштириб олиш учун тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Бу юмушларнинг барчаси тинч, осуда юртимизда дастурхонимиз тўкинлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири