Долзарб вазифалар муҳокама қилинди
Сурхондарё вилоятида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан туман ва шаҳар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун сайёр ўқув йиғини ўтказилди.
Сурхондарё вилоятида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан туман ва шаҳар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун сайёр ўқув йиғини ўтказилди.
Машғулотларда ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича батафсил маълумот берилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна” деган ғоя ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.
Халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда ички ишлар органлари ходимларининг алоҳида ўрни бор. Бироқ сайёрамизда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган айни пайтда барча соҳалар қатори ички ишлар органлари ходимларидан ҳам тинимсиз ўқиб-ўрганиш, ўз устида ишлаш, билим ва савияси, малакасини узлуксиз ошириб бориш талаб этилади.
Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Профессор-ўқитувчиларнинг таъкидлашича, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда юз бераётган янгиликларга мос равишда малака ошириш институти ҳам фаолиятини кенгайтирмоқда. Хусусан, шу йил ҳудудий ички ишлар органларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилган эди. Бевосита давлатимиз раҳбари ғояси асосида йўлга қўйилган бу лавозим хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, жиноят содир этган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш, руҳан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Айни пайтда уларнинг касбий малакасини ошириш, хизмат вазифаларининг мазмун-моҳиятини, уларни амалга ошириш механизмларини тушунтириш учун хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторларга мўлжалланган семинар-тренинг машғулотлари ҳам ўтказилаётир.

Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятига тамомила янги интилиш ва мақсадлар билан юз тутаётган мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришга алоҳида аҳамият берилаётир. Бундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда ёшларни ватанпарвар, мард, жасур, садоқат ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шунга мувофиқ, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё академик лицейида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш мавзуида фикр алмашилди. Бўлғуси ички ишлар органлари ходимларида бу каби олижаноб фазилатларнинг шаклланиши уларда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини янада оширишга хизмат қилади.
Термиз туманидаги 9-, Ангор туманидаги 3-, Жарқўрғон туманидаги 1-, Қумқўрғон туманидаги 3-умумтаълим мактабларида ўқувчилар билан ўтказилган учрашувларда эса тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти ҳақида сўз юритилди. Мазкур тадбирлар доирасида ташкил этилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзуидаги викторина, айниқса, мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Профессор-ўқитувчилар туманларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор оилалар, ёлғиз қариялар, ички ишлар идораларида хизмат қилиб, пенсияга чиққан фахрийлар ҳолидан ҳам хабар олди.