Долзарб масалаларга бағишланди
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари атрофлича муҳокама этилди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари атрофлича муҳокама этилди.Вилоят ҳокими З.Рўзиев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, муҳокама жараёнларини барча туман ва шаҳар маҳаллий Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, касб-ҳунар коллежлари директорлари кузатиб бориш, фикр билдириш имкониятига эга бўлди.
Йиғилишда асосий эътибор Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилди.
Вилоят иқтисодиётида 2014 йилда барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 7,9 фоиз ўсди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ҳажми 6,7, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 5,8, капитал қўйилмалар 5,6, жами хизматлар 18,1, пудрат ишлари 20,1, чакана савдо айланмаси 16,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизга ўсиши таъминланди.
Ҳисобот даврида 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 102 миллиард сўм кўп – 1 триллион 110 миллиард 483 миллион сўмлик истеъмол моллари ишлаб чиқарилди. 541 чорвачилик, 117 паррандачилик, 82 балиқчилик ва 97 асаларичилик хўжалиги ташкил этилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ошди.
Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 100 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. 24,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Йил давомида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 3,9 триллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.
Хизматлар ва сервисни ривожлантириш дастурига асосан 1 минг 147 савдо ва умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилди. Натижада 2 минг 720 иш ўрни яратилди.
Танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган айрим камчиликлар қайд этилди. Хусусан, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар мавжуд имконият ва салоҳият даражасида эмаслиги таъкидланди.
Йиғилишда бу каби камчиликларни бартараф этиш, 2015 йилда саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.