“Долзарб 60 кун” доирасида ёнғинлар профилактикаси кучайтирилди
Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида “5 июлдан 5 сентябргача юртимизда ўтказилаётган “Долзарб 60 кун” профилактик тадбирлари доирасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган олти ойида Қашқадарё вилоятида 478 та ёнғин содир бўлиб, улар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига 5 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар етган. Ёнғинларда 11 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ёнғинлар сони 7,7 фоизга камайган, ёнғинларда инсонлар ҳалок бўлишига йўл қўйилмаган. Бироқ таҳлиллар Деҳқонобод, Ғузор, Кўкдала, Косон, Қамаши, Нишон ва Касби туманларида ёнғинлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
– Ёнғинларнинг асосий қисми инсон омили билан боғлиқ. Айниқса, электр ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилмаслиги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис профилактика ишларини кучайтириш ва аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев.
[gallery-30331]
Таъкидланганидек, “Долзарб 60 кун” тадбири доирасида бозорлар, йирик савдо мажмуалари, иқтисодиёт тармоқлари объектлари, ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган корхоналар, одамлар гавжум жойлар, болалар оромгоҳлари, санаторийлар ҳамда турар жойларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда. Шунингдек, ўрмонлар ва табиий ҳудудларни ёнғиндан муҳофаза қилиш, қуриган хас-хашакларни бартараф этиш бўйича ҳам манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, электр ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бузилиши оқибатида содир бўлган ёнғинлар ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ошган. Шу муносабат билан аҳоли, тадбиркорлар ва ташкилотлар ўртасида тарғибот ишларини янада кучайтириш, ҳар бир фуқарода ёнғин хавфсизлиги бўйича масъулият ҳиссини ошириш “Долзарб 60 кун” тадбирининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб қайтарилиб, ёз мавсуми давомида ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ишлар изчил давом эттирилиши маълум қилинди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари