“Долзарб 40 кунлик”: ҳудудларда ободонлаштириш ва экологик тозалаш ишлари кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида мамлакат бўйлаб ободонлаштириш, санитария тозалаш, кўкаламзорлаштириш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Акция нафақат шаҳар ва қишлоқларда, балки муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳам кенг қамровда ташкил этилмоқда. Унда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ходимлари, коммунал хизматлар, корхона ва ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, волонтёрлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этмоқда.

Акция давомида Сурхондарё вилоятида акция доирасида 431 тонна маиший чиқинди олиб чиқилди. Тозалаш ишларига 419 та махсус техника жалб этилди.
Жиззах вилоятида дарахтлар тозаланиб, суғорилди, хиёбонлар ва уларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилди.
Хоразм вилоятида сув ҳавзалари тозаланиб, умумхалқ ҳашарлари ташкил этилди. Янги кўчатлар экилиб, мавжуд яшил ҳудудларни парваришлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Қашқадарё вилоятида дарахтларни суғориш, таналарини оқлаш ва ҳудудларни санитария жиҳатидан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Навоий вилоятида ариқлар ва жамоат жойлари тозаланмоқда. Андижон вилоятида кўчалар ва йўл ёқалари ободонлаштирилмоқда. Фарғона вилоятида эса ҳашарлар ва жамоат жойларини тозалаш ишлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда экологик қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан назорат-рейд тадбирлари ҳам ўтказилмоқда.
Бухоро вилоятида авария ҳолатидаги ва қуриб қолган дарахтларни олиб ташлаш бўйича санитария ишлари амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида кўчалар, ариқлар ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ишлари олиб борилаётган бўлса, Самарқанд вилоятида маҳаллаларни ободонлаштиришга қаратилган оммавий ҳашарлар ташкил этилмоқда.
Ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш билан бирга экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, чиқиндиларни ноқонуний ташлаш ҳолатларига чек қўйиш, санитария тартибини таъминлаш ва экологик қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида рейд тадбирлари кучайтирилди.
Бу эса акциянинг асосий мақсади фақат ҳудудларни бир марталик тозалаш билан чекланмасдан, аҳолида экологик масъулият ва тозалик маданиятини шакллантиришга ҳам қаратилганини кўрсатади.
“Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳам санитария тозалаш, ободонлаштириш, яшил ҳудудларни парваришлаш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси, Сурхон ва Зомин давлат қўриқхоналари, “Сайғоқ” буюртма қўриқхонаси, Зарафшон, Хоразм, Оролқум ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғлари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ҳамда бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
“Долзарб 40 кунлик” акцияси 6 сентябрга қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА