“Док-1 Макс”иши: зарарни ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар бўйича ижро ҳаракатлари давом этмоқда
Жорий йилнинг 4 октябрь куни ижтмоий тармоқларда “Док-1 Макс” дори воситасидан жабрланганларга нисбатан компенсация маблағлари тўлаб берилмаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, судларнинг ижро ҳужжатларига асосан қарздор С.Кариев ва бошқалардан 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 миллиард сўм зарар ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мавжуд.
Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор С.Кариевга тегишли - Чилонзор тумани, “1-қатортол” МФЙ, Қатортол 3-тор кўчасидаги турар жой бинолари ва “Бешёғоч” МФЙ, Фурқат кўчасидаги нотурар жой биноси хатланиб, онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.
Шундан, “Бешёғоч” МФЙ, Фурқат кўчасидаги нотурар жой биноси аукцион савдоларида сотилиб, 793 миллион сўм пул маблағлари келиб тушган. Нархи 7,1 миллиард сўмга баҳоланган Чилонзор тумани, “1-қатортол” МФЙ, Қатортол 3-тор кўчасидаги турар жой бинолари бўйича бугунги кунда аукцион савдолари давом этмоқда.
Аукцион савдолари орқали келиб тушган ва қарздор С.Кариевнинг оила аъзолари томонидан тўланган пуллар ҳисобидан ундирувчиларга жами 16,7 миллиард сўм маблағ “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 80-моддасига асосан тенг тақсимлаб берилган.
Ҳозирги кунда қарздор С.Кариев ва бошқалардан жами 61,3 миллиард сўм зарар ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА