Доҳада ўзбекча томоша намойиш этилмоқда
Қатарнинг Доҳа шаҳрида “Ўзбекистон маданияти, ҳунармандчилиги ва туризм кунлари” бўлиб ўтмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси, Қатар, Озарбайжон маданият вазирлари, Қатар ҳукумати вакиллари, маҳаллий аҳоли ҳамда бу ердаги ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Меҳмонлар асрлар мобайнида сайқал топиб келаётган ҳунармандчилигимиз намуналари билан танишди. Бетакрор миллий таомларимизга юксак баҳо берди. Ҳунармандлар ва ошпазлар билан суҳбатда бўлишди.
Шу билан бирга, ўзбек санъати усталари иштирокидаги концерт дастуридан баҳраманд бўлди. Мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри актёрлари режиссёр Малика Искандарованинг “Масхарабоз шоу” томошаси билан иштирок этмоқда. Унда ўзбек миллий анъаналари, дорбозлик санъати ва миллий қадриятлар тараннум этилади.
Миллий томоша санъатимиз намойишида Баҳодир Аҳмедов, Асқар Ҳикматов, Бахтиёр Турғунов, Навфал Сулаймонов, Файзулла Асқаров каби актёрлар иштирок этмоқда.
– Халқаро тадбир ўзгача шукуҳда ўтмоқда. Хорижликлар ўзбек санъатига, бизнинг миллий либослар ва таомларимизга катта қизиқиш билдирмоқда, – деди Асқар Ҳикматов. – Ўйлайманки, мана шундай халқаро тадбирлар маданият алмашинувига ва ўзаро дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Н.Усмонова, ЎзА