Дийқан арнада асаларичилик ривожланмоқда (+видео)
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги «Дийқан арна маҳалла» фуқаролар йиғинида асаларичилик нафақат даромад манбаи, балки хонадонлар фаровонлигини таъминлайдиган, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётган истиқболли йўналишга айланган.
Маҳаллада “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида асаларичиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 20 дан ортиқ хонадонда асалари парваришланади. Меҳнаткаш хонадон эгалари бир мавсумда 50-100 та асалари қутисидан 1 тоннагача асал олиб, 50-100 миллион сўмгача даромад топмоқда.
Бу ерда етиштирилаётган маҳсулотнинг яна бир ўзига хос жиҳати бор. Дийқан арнанинг табиий муҳитида олинаётган асал – чўл асали. Табиат неъматлари билан уйғунлашган бу маҳсулот ўзининг хуштаъмлиги ва шифобахш хусусиятлари билан қадрланади.
[gallery-31678]
Маҳаллада асаларичиликнинг кенг қулоч ёйишида тажрибали асаларичи Бахтиёр Жубаевнинг ҳиссаси катта. У нафақат асал етиштириш, балки соҳа учун зарур инфратузилмани шакллантиришга ҳам эътибор қаратган. Хусусан, асални қайта ишлаш цехи ҳамда асалари қутиларини тайёрлаш устахонаси йўлга қўйилган.
Мавсумда цехда 2 тоннагача асал қабул қилиниб, қайта ишланади ва сотувга чиқарилади. Бу фаолият йилига қарийб 200 миллион сўм даромад келтирмоқда. Устахонада эса бир йилда 250 тадан ортиқ асалари қутиси тайёрланиб, бошқа асаларичиларга етказиб берилмоқда.
Муҳими, бу ташаббус бир хўжалик доирасида қолиб кетмаган. Асаларичилар уюшмаси томонидан йил якунига қадар яна 100 та хонадонда кооперация усулида асалари боқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Демак, бугунги меҳнат эртанги янги имкониятлар учун замин яратмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бахтиёр Жубаевнинг кооперация асосида фаолиятни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонликни ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ташаббускорлиги, ёшларни Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва шижоат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари муносиб эътироф этилди. У “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Бу мукофот – бир инсоннинг меҳнатига берилган юксак баҳо бўлиш билан бирга, маҳаллада тадбиркорлик ва ҳалол меҳнат орқали фаровон ҳаёт барпо этаётган инсонларга кўрсатилаётган эътиборнинг ҳам ифодасидир.
Дийқан арнада ҳар бир асалари қутиси ортида бир оиланинг меҳнати, бир хонадонинг умиди ва келажакка ишончи бор. Асалариларнинг бетиним ғувиллаши эса бу ерда меҳнат жараёни тўхтамаганидан, янги ташаббуслар ва янги имкониятлар сари ҳаракат давом этаётганидан дарак беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LPU1tZs0Czc" title="Diyqan arnada asalarichilik rivojlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА