Диссертация ҳимоясида халқаро ҳамкорлик
Республикамиз олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.
Бухоро давлат университетида ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган фаолият ўз натижаларини бермоқда. Университетда етакчи хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари қаторида Италиянинг Аквила университети билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Мазкур университет нуфузли Times академик рейтингида 501-600 гуруҳида ўрин эгаллаб, ўзининг илмий соҳадаги салмоқли ютуқлари билан танилган.
Университетнинг Эрасмус+ академик мобиллик дастури доирасида Аквила университетига илмий сафарга юборилган Зиёдулла Нуровнинг илмий изланишлари италиялик олимларда катта қизиқиш уйғотди. Унинг PhD диссертацияси учун қўш раҳбарликни амалга ошириш таклиф қилинган эди. Имзоланган келишув асосида диссертацияга Аквила университетидан профессор Луиджи Биджиеро, Бухоро давлат университетидан и.ф.н. Аброр Жўраевлар илмий раҳбар сифатида тайинланди.

Эрасмус+ академик мобиллик муддати тугаганидан сўнг З.Нуров энди “Эл-юрт умиди” жамғармаси танловлари ғолиби сифатида Аквила университетида илмий фаолиятини давом эттирди. Машаққатли меҳнатлар ўз натижасини бериб, ўз диссертацияни Италиянинг етакчи иқтисодчи олимларидан ташкил топган ихтисослашган кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилган З.Нуров иқтисодиёт бўйича PhD илмий даражасига лойиқ деб топилди. Диссертация нусхалари Милан ва Флоренция шаҳарларидаги илмий кутубхоналарга жойлаштирилди.
Бухоро давлат университети илмий кенгашида университет ректори О. Ҳамидов дипломни эгасига топширди. Таъкидланишича, айни пайтда Испания университетлари докторантурасига яна икки нафар тадқиқотчи қабул қилинган. Хорижий ҳамкорлар билан қўшма раҳбарлик асосида диссертациялар тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда.