Дипломатлик шунчаки касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилат талаб этадиган, таъбир жоиз бўлса, ноёб санъатдир.
Ҳақиқий дипломат бўлиш учун фақат билим ва тажриба, бирор чет тилини билишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун, аввало, туғма қобилият керак, қолаверса, чинакам ватанпарварлик, ўз халқи, юрти учунфидойилик зарур.
Маълумки, миллий давлатчилигимиз кўп минг йиллик қадим тарих, бой маданиятга эга. Бинобарин, ўзбек дипломатияси илдизи ҳам жуда чуқур.
Дунёвий дипломатияга оид кўплаб сара асарлар, аслида, Шарқда, жумладан бизнинг заминда яратилган. Бу ҳақиқат дунё олимлари томонидан ҳақли равишда эътироф этилган. Аждодларимиз орасидан машҳур, моҳир дипломатлар, элчилар етишиб чиққани ҳақида талай маълумот бор.
Бугунги кунда мамлакатимиз миллий манфаатга асосланган шаффоф, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бормоқда. Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсати дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришлардан келиб чиқади.
Халқаро экспертлар фикрича, юртимиз очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб турадиган изчил, самарали ва конструктив сиёсат юритмоқда. Бу эса глобал миқёсда шиддатли ўзгаришлар юз бераётган, халқаро майдонда кучларнинг янги нисбати шаклланаётган бир даврда олиб борилаётгани билан аҳамиятли.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ҳамда Тошкент халқаро молиявий бошқарув ва технология университети ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати: дипломатик алоқалар ва протокол” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам айни мавзуга мурожаат қилинди.
Тадбирда мамлакатимизнинг соҳадаги тарихий тажрибаси, мустақиллик йилларида юртимиз хорижий мамлакатлар билан ўрнатган дипломатик алоқалар, ҳамкорликни йўлга қўйиш жараёнидаги муаммо ва ютуқлар атрофлича муҳокама этилди.
Ташкилотчиларнинг асосий мақсади эса талаба-ёшларга дипломатияда протокол юритиш ва хорижий ташрифлар уюштириш тартиби тўғрисида кенг қамровли маълумот бериш, музокаралар чоғида нималарга аҳамият бериш лозимлигини тушунтириш, шунингдек консуллик иши ва дипломатия этикаси хусусида амалий тажриба ва кўникма асосида билим улашиш эди.
Давра суҳбати давомида Янги Ўзбекистоннинг чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар, давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга ташрифлари, сафарлардан кўзланган мақсад, дўстона, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш тамойили баён этилди.
Бугунги ташқи сиёсатимизда халқаро муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириб боришнинг самарали тизимини яратиш долзарб вазифага айлангани қайд этилди.
Хусусан, элчилик касбини танлаган киши ўзбек тилини, халқимизнинг бой тарихи, маданияти, миллий қадриятлари, ватандошларимиз дард-у ташвишини яқиндан билиши, айни туйғуларни юрагидан ўтказа олиши, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга ижобий маънода танитиш мумкинлигини англаб етган бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Иштирокчилар ташқи сиёсатнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мавзуси ва халқаро майдонда мамлакатимиз томонидан илгари сурилаётган таклиф, ташаббусларнинг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, ШҲТ билан ҳамкорликда халқ дипломатияси институтлари ролини ошириш борасида ҳам фикр юритилди. Президентимиз ташаббуси билан очилган Халқ дипломатияси маркази фаолиятига бағишланган видеолавҳа талабаларда илиқ таассурот қолдирди.
Сўнгра давра суҳбати талабалар билан савол-жавоб шаклида давом этди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, мулоҳазалар билан соҳа вакилларига мурожаат қилиб, дипломатия протаколи қоидаси, расмий тадбирларни ташкил қилиш бўйича муайян билимга эга бўлишди.
Ўз навбатида экспертлар талаба-ёшларга мавзуга оид зарур тавсия, маслаҳатлар беришди.
Тадбир якунида марказ ва университет биргаликда туркум тадбирлар ташкил этиш, талабалар амалиётини йўлга қўйиш, халқаро семинар, конференциялар ўтказишга келишиб олди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА