Диний ақидапарастлик – хавфли иллат
Арнасой тумани марказида жойлашган умумий ўрта таълим ҳамда касб-ҳунар мактаблари ўқувчи-ёшлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризмнинг зарарли оқибатлари ҳамда кийиниш маданияти мавзусида маънавий-тарбиявий тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда ёшлар ўртасида кийиниш маданияти, ўзбекона урф-одатлар тўғрисида фикрлашилди. Турк ва араб либосларига тақлидан кийиниб юраётган қизлар ўртасида соғлом муҳитни яратишга эътибор қаратилди.
[gallery-20781]
Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари Г.Ҳайдарова, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Арнасой тумани бўлими мутахассиси Ғ.Сайдуллаев, туман ИИБ масъул ходими У.Сайпиллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раиси О.Зоидов, туман бош имом- хатиби Р.Нишонов ва бошқалар ота-оналар ҳамда ёшларга давлат ташкилотларининг ички қонун- қоидалари ва кийиниш маданияти тўғрисида атрофлича тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, ёшларга “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун- моҳияти бўйича ҳам атрофлича тушунчалар берилди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, маърузаларини эшитиш, тарқатиш мумкин бўлмаган қидирувдаги фуқароларнинг тарқатма материаллари билан таништирилди.
Шунингдек, тадбир давомида “Сохта даъволар” номли видеороликлар намойиши йиғилганларнинг асосий диққат марказида бўлди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари