“Динамо” чемпион бўлса, Самарқандда янги стадион қурилади
Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раҳбари А.Бобоев футбол бўйича мамлакат Суперлигаси жорий йилги мавсуми олдидан “Динамо” жамоаси тақдимотида бу фикрни илгари сурди.
Жамоа аъзолари ва мураббийлар штаби, клуб ҳомийлари ва мутасадди раҳбарлар, футбол мухлислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда А.Бобоев “Динамо” жамоасининг ўтган мавсумдаги ёрқин ўйинларини эътироф этди. Футболчилар ва мухлисларни янги мавсум билан табриклаб, жамоа юқори натижаларга эришиши учун доим қўллаб-қувватлашини билдирди.
[gallery-27889]
– Янги мавсум ғалабаларга бой бўлишини кутяпмиз, – деди А.Бобоев. – Суперлига ҳамда Ўзбекистон кубоги баҳсларида совринли ўринларни эгаллаш клуб раҳбарияти ва футболчилар учун асосий вазифа ҳисобланади. Бунинг учун жамоага барча шароитни яратиб берамиз, доим қўллаб-қувватлаймиз. Агар бу йилги мавсумда “Динамо” чемпион бўлса, Самарқандда янги стадион қурилишини ҳам бошлаймиз.
Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоанинг янги таркиби, мураббийлар штаби оммага таништирилди ва футболчиларга либослари тарқатилди. Шунингдек, вилоят ҳокимига 72-рақам топширилди.
Суперлиганинг 1-турида “Динамо” жамоаси 28 февраль куни Самарқандда Наманганнинг “Навбаҳор” клубига қарши майдонга тушади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари