Дилерлик ва сервиз маркази ўз фаолиятини бошлади
Андижонда тадбиркорлар ва фермер хўжаликларини замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, сотиб олишни молиялаштириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда техникаларга сервис хизматлари кўрсатишни ягона тизимда бирлаштирган “ANDIJAN YASHIL ENERGIYA” дилерлик ва сервис маркази иш бошлади.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Агробанк” АТБ ҳамда “AgroTech Klaster” ҳамкорлигида Андижонда ташкил этилган дилерлик маркази очилишига бағишланган тадбирда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида иш олиб бораётган фермер хўжаликлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Дилерлик ва сервис маркази очилишига бағишланган тадбирда сўз олган “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Давронбек Хидоятов, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Аъзамжон Юлдашев, “Агробанк” АТБ вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшанбек Ҳасанов, “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис маркази раҳбари Махсутали Қозоқов Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини илғор иш унумдорлигига эга, замонавий техника воситалари билан таъминлаш, уларга сервиз хизмати кўрсатиш тизимини шакллантириш ва янада юқори босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, шунингдек, “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис марказининг аҳамияти, мақсади, вазифалари ҳақида гапирди.


Дарҳақиқат, бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, соҳада механизация даражасини ошириш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларини замонавий, юқори унумли техникалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада кенг кўламли ислоҳотлар, янги-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Andijаn yashil energiya” дилерлик ва сервис марказининг ташкил этилиши ҳам ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири ҳисобланади. Республикамизнинг қатор вилоятларида ташкил этилган бу каби марказлар ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, ҳудудларда фермерлар учун замонавий инфратузилма ва комплекс хизматлар тизимини ривожлантиришга қаратилган.
- Марказ фаолияти фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга комплекс ва қулай хизматлар кўрсатиш тамойилига асосланади, - дейди “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Давронбек Хидоятов. - Эндиликда фермерлар бир жойнинг ўзида “AgroTech Klaster” бренди остида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини танлаш ва харид қилиш, “Агробанк” АТБнинг молиявий хизматларидан фойдаланиш, техника операторларини тайёрлаш, зарур эҳтиёт қисмларни харид қилиш, кафолатли ва сервис хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, зарурат туғилганда махсус жиҳозланган автомобиллар орқали бевосита фермер хўжаликларининг ўзида сайёр сервис хизматлари ҳам кўрсатилади.


Марказ фаолиятининг муҳим жиҳати шундаки, унинг хизматлари техникани сотиш билангина чекланмайди. Асосий эътибор хариддан кейинги хизмат кўрсатиш, техникаларнинг тўғри эксплуатация қилиниши, ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилиши ва зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминланишига қаратилган. Бу эса фермер хўжаликларида техникалардан самарали фойдаланиш, уларнинг ишлаш муддатини узайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларида узлуксизликни таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, марказда қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатувчи малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Марказ ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув марказида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқарувчи операторларни тайёрлаш ҳамда уларнинг амалий кўникмаларини ошириш кўзда тутилган.
Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Марказ инфратузилмаси, жумладан, қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси, сервис ҳудуди ва эҳтиёт қисмлар омбори фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, фермерларга техник хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сайёр сервис хизматлари тақдимоти намойиш этилди.
Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, молиялаштириш шартлари, эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервис хизматлари билан боғлиқ масалалар юзасидан фермерлар билан мулоқот ўтказилди. Унда иштирокчиларнинг савол ва таклифлари тингланди, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.


- “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис марказининг ташкил этилганлиги Андижон вилояти, қолаверса, Фарғона водийсидаги фермер хўжаликлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради, - дейди “Агроинспекция” Андижон вилояти бошқармаси раҳбари Давронбек Мақсудов. - Чунки, фермерлар шу ернинг ўзида зарур қишлоқ хўжалиги техника воситалари билан бевосита танишиш, уларни харид қилиш бўйича шартномалар тузиш, банкнинг молиявий кўмаги, харид қилинган техникалардан самарали фойдаланиш бўйича зарур маълумот ва тавсиялар олишлари мумкин. Энг асосийси, Марказ, “Агробанк” мутахассислари ана шу ишларда фермерларнинг яқин кўмакчисига айланади.
Маълумот ўрнида: бугунги кунда “AgroTech Klaster” томонидан 35 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини изчил оширишдан иборат.


Хусусан, ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникаларида маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга, осма ва тиркамали техникаларда эса 70 фоизга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги корхоналар билан ҳамкорликда қарийб 140 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Янги дилерлик ва сервис марказининг ишга туширилиши нафақат Андижон вилоятида, балки Фарғона водийсида қишлоқ хўжалиги техникалари савдоси ва сервис хизматлари инфратузилмасини ривожлантириш, фермер хўжаликларининг замонавий техникалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари