ДХХ “Умра” зиёратини ноқонуний ташкил этишга уринганларни фош қилди
Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, юртдошларимизнинг “Умра” зиёратига боришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бироқ, айрим сайёҳлик фирмалари белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда фуқароларни Саудия Арабистонига юбориши оқибатида ҳамюртларимиз чет элда сарсон бўлаётгани, муқаддас амалларни хавфсиз ва мукаммал адо этишда турли қийинчиликларга дуч келаётгани гувоҳи бўлинмоқда.
Келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мунтазам равишда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Данғара туманида фаолият юритувчи турфирма ходими фош этилди.
Ушбу шахс “Умра” зиёратини ташкил этиш бўйича тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, 4 нафар фуқарони Саудия Арабистонига юбориш эвазига 4 400 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 1 100 АҚШ долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА