ДХХ кубогида футбол бўйича чорак финал иштирокчилари аниқланди
ДХХ кубоги доирасидаги беллашувларда ёш футболчиларнинг маҳорати, жамоавий ўйин ва ғалабага бўлган интилиши намоён бўлмоқда. Энди эса мусобақанинг ҳал қилувчи палласида энг кучли жамоалар аниқланади.
Пойтахтимизда ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг футбол бўйича ҳал қилувчи босқичида гуруҳ баҳслари якунланиб, чорак финалга йўл олган жамоалар номи маълум бўлди.
Мусобақа учинчи турининг “А” гуруҳида Тошкент вилояти 2:0 ҳисобида Фарғона вилоятини мағлуб этган бўлса, Тошкент шаҳри жамоаси 3:0 ҳисобида Қорақалпоғистон Республикаси жамоасини доғда қолдирди. Шу тариқа, Тошкент шаҳри 9 очко билан гуруҳда биринчи, Тошкент вилояти эса 6 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Фарғона вилояти 3 очко билан учинчи, Қорақалпоғистон Республикаси очкосиз тўртинчи бўлди.
“B” гуруҳида Сирдарё вилояти жамоаси Самарқанд вилоятини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, 6 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Наманган вилояти 3 очко билан иккинчи, Самарқанд вилояти очкосиз учинчи бўлди. “C” гуруҳида Андижон вилояти шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар Сурхондарё вилояти жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада Қашқадарё вилояти 6 очко билан гуруҳ пешқадами бўлган бўлса, Андижон вилояти 3 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Сурхондарё вилояти эса очко жамғара олмади.

“D” гуруҳида Хоразм вилояти 5:3 ҳисобида Жиззах вилоятини енгди. Навоий вилояти ва Бухоро вилояти ўртасидаги учрашувда эса бухороликлар 4:2 ҳисобида устун келди. Шу тариқа Бухоро вилояти 9 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Хоразм ва Навоий вилоятлари 4 очкодан жамғарган бўлса-да, Хоразм вилояти иккинчи, Навоий вилояти учинчи ўриндан жой олди. Жиззах вилояти очкосиз қолди.
Энди мусобақанинг чорак финалида Тошкент шаҳри – Наманган вилояти, Андижон вилояти – Бухоро вилояти, Қашқадарё вилояти – Хоразм вилояти ва Тошкент вилояти – Сирдарё вилояти ўзаро тўқнаш келади.
Ушбу учрашувда ғолиб бўлган жамоалар 21 август куни ярим финалда рақобатлашади. Мусобақанинг финал ва 3-ўрин учун баҳслари 22 август куни ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА