“ДХХ кубоги” ғолиблари тақдирланди
Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида футбол ва мини-футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Айтиш мумкинки, мазкур мусобақалар Хоразм вилоятида ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Маҳалладан – Республикагача” тамойили асосида ўтказилаётган мазкур мусобақаларда вилоятдан 55 минг нафар йигит-қиз иштирок этди.
Ёшлар ўртасида футбол ва мини футбол, қизлар ўртасида эса мини футбол бўйича ўтказилган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаларининг вилоят босқичи якунланиб, ғолибларни тақдирлаш маросими ҳақиқий спорт байрамига айланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов қатнашиб, мусобақанинг вилоят босқичи совриндорларига кубок, диплом ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди. Ғолиб жамоаларга Республика босқичида муваффақиятлар тилаб, улар вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдирди.
Мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринларни футбол бўйича Шовот тумани, Мини футбол бўйича ўғил болалар ўртасида Урганч шаҳри ҳамда қизлар ўртасида Гурлан тумани жамоалари эгаллашди.


Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири