ДХА: Самарқанддаги қаровсиз ҳудудда боғ яратилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик билан бошлаш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналар ходимлари томонидан ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ва тизим ходимлари ҳам бу эзгу ташаббусда фаоллик кўрсатишмоқда.
Таъкидлаш керакки, республикамиздаги Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари томонидан шу кунгача жами 1 140 туп кўчатлар экилди. Шундан, 480 туп кўчат манзарали, 505 тупи мевали дарахтлар ҳамда 155 тупи буталар ҳисобланади.

Бошқарманинг ташаббуси билан Самарқанд шаҳрининг «Мотрид» маҳалласидаги қаровсиз майдон чиқиндилардан тозаланиб, ободонлаштирилди. Бу ерга бошқарма бошлиғи бошчилигида бошқарма ва Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 100 туп манзарали ва 150 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.
— Яхшидан боғ қолади, деган ҳикматли ибора бор, — дейди бошқарма бошлиғи М.Қурбонов. — Юртбошимиз томонидан илгари сурилган эзгу ташаббус нафақат биз, балки, келажак авлод учун ҳам муҳимдир. Шу боис, унда фаол иштирок этиш ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчимиз ҳисобланади. Келгусида бу масканда қўшимча бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, кичик тамаддихона, боғ ҳудудида ўриндиқлар, болалар ва спорт майдончалари ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

Эзгу ташаббусда бош бўлган маҳалла оқсоқолларининг таъкидлашича ушбу боғга «Янги Ўзбекистон боғи» номи берилади. Шунингдек, боғ ҳудуди босқичма-босқич кенгайтирилиб, фуқароларга қўшимча қулайликлар яратилади.

З.Мирзабоева, ЎзА