Депутатлик сўрови ортида халқ манфаати туради
Бугунги кунда амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар борлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар борлигини кўрсатмоқда. Улардан бири бу депутат, сенатор сўровларига мансабдор шахслар томонидан айрим ҳолларда беписандлик билан қараш, яъни ўз вақтида жавоб бермаслик, муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш, сўров юборилган мансабдор шахснинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан жавоб қайтариш, ҳатто баъзи ҳолларда умуман жавоб қайтармаслик(кўпроқ маҳаллий кенгаш депутатларининг сўровларига), маҳаллий кенгаш депутатининг дахлсизлик ҳуқуқига риоя этилишига оид муаммоларни санаб ўтиш мумкин.
Маълумки, депутат мансабдор шахсларга, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасида сўров юборишга ҳақли. Яъни бундан кўринадики, ҳар бир депутат сўровининг ортида авваламбор халқ манфаати туради. Сабаби депутат сўрови халқ мурожаати асосида йўлланади. Унда аҳолининг муаммоси қайд этилган бўлади.
Аммо, қонунчиликда мавжуд бўлган бўшлиқ туфайли айрим мансабдор шахслар юборилаётган сўровларга беписандлик билан қараб келмоқдалар. Яъни, депутат сўровига нисбатан нотўғри жавобларни йўллаш, олди-қочди, мазмунан саёз жавоблари билан депутатни тинчлантиришга уринади. Аксарият ҳолларда депутат сўровига жавобни бевосита мансабдор шахснинг ўзи эмас, балки бунга ваколати бўлмаган бошқа шахслар томонидан имзолаш ҳоллари кузатилмоқда.
Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2018 йилда мансабдор шахслар номига жами 207 та депутат сўрови юборилган бўлиб, улардан 120 таси(58%)га жавоб тегишли мансабдор шахс номидан эмас, бошқа шахс номидан келган. 2019 йилда эса жами 242 та депутат сўрови муайян идоранинг биринчи шахси (раҳбари) номига юборилган бўлса, уларнинг 175 тасига (72%) ўринбосарлар томонидан, 13 тасига (5%) қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2 тасига (1%) умуман бошқа идора мансабдор шахслари томонидан жавоб хати берилган. Ушбу ҳолат депутат ва сенатор сўрови институтининг нуфузини тушириб, унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ушбу масала юзасидан ўндан ортиқ илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда, аксарият мамлакатларнинг қонунчилигида парламент ёки депутат сўровига жавоб бевосита мансабдор шахс томонидан берилишини назарда тутувчи нормалар мавжуд.
Юқоридаги салбий ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида «депутат ёки сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади» - мазмунида мавжуд тегишли қонун нормаларига қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Мазкур қоидани қонунчиликка киритилиши натижасида депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга шунингдек, сайловчиларнинг муаммоларига самарали ечим топишга олиб келади.
Умуман депутатлик сўровига муносабат борасида Президентимиз таъбири билан айтганда: «депутат сўрови – халқ сўрови сифатида кўрилиши шарт», «депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт».
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати