Депутатлик назорати натижасида масала ўз ечимини топди
Мамлакатимизда дренаж тизимларининг ҳолатини яхшилаш, уларнинг талаб даражасида узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган ҳукуматлик лойиҳалар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш учун тегишли даражада молия ресурслари ажратилмоқда.
Шунинг натижасида суғориб экиладиган ер майдонларининг ярмидан кўп қисмида тупроқ шўрланишининг олдини олиш муаммолари ўзининг ечимини топмоқда. Масалан, тегишли ҳужжатлар асосида Тахиатош тумани ҳудудидаги дренаж тармоқларини қуриш ва қайта таъмирлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бирдан-бир буюртмачи хизмати «Инжиниринг компанияси» билан «Тиклаш таъмирлаш хизмати» унитар корхонаси Тахиатош филиали ва Хўжайли туманидаги «РМК-498» масъулияти чекланган жамияти ӯртасида тузилган шартномага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Оролбўйи ҳудудини ривожлантриш фонди ҳисобидан 2017-2018 йилларда тўққиз дона вертикал дренаж тизимиини қуриш учун жами 897 миллион 390 минг сӯм маблағ ажратилган. Ушбу маблағларнинг ҳақиқатдан ҳам мақсадли ва самарали сарфланишини аниқлаш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Тахиатош туман Кенгаши депутати Азат Матмуратов томонидан депутатлик ваколатидан келиб чиқиб, Тахиатош туманидаги 9 та вертикал дренажнинг қурилиш-лойиҳа (смета) ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида юқорида қайд этилган корхоналар томонидан ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан маблағларнинг талон-торож этилганлиги, дренаж системасининг тўлиқ битмаганлиги маълум бўлди.
Депутат аниқланган ҳолатга қонун доирасида чек қўйиш мақсадида тегишли давлат органларига мурожаат этди. Юқорида қайд қилинган корхоналарниинг лавозимли шахсларига давлат бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож этгани учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.
Халқ вакилининг аралашуви билан бу масала қонун доирасида ўз ечимини топди. Яъни «Тиклаш таъмирлаш хизмати» унитар корхонаси ва «РМК-498» масъулияти чекланган жамияти томонидан 9 дона вертикал дренаж тизимии тўлиқ янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
ЎзА